Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 04/08/2022 Ер ислоҳотлари: Озарбайжон тажрибаси ва унинг Ўзбекистон учун аҳамияти
Ер ислоҳотлари: Озарбайжон тажрибаси ва унинг Ўзбекистон учун аҳамияти

Бугун ер ислоҳотлари Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга масалалардан бири. Чунки қишлоқ хўжалиги, қолаверса бутун иқтисодиётнинг ривожланиши, озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши кўп жиҳатдан ана шу ислоҳотларга боғлиқ. Шунинг учун Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари Озарбайжонда амалга оширилган ер ислоҳотларини ўрганиб чиқди. Бу бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон ҳам, Озарбайжон ҳам ўз мустақиллигини деярли бир вақтда қўлга киритган. Шу боис улардаги шарт- шароит, иқтисодий ва институционал муаммолар ўхшаш эди. Бироқ Озарбайжондаги ер ислоҳотлари анча олдин бошлангани туфайли ҳозирга қадар бу борада етарлича тажриба тўпланган. Озарбайжондаги ер ислоҳотлари биз учун шуниси билан ҳам аҳамиятли. 

Демак, Озарбайжонда ер муносабатларини ислоҳ қилиш бир неча босқичда амалга оширилди. Асосийси биринчи босқич бўлди: 1996-2003 йиллар. Бу даврда давлат ерларини хусусийлаштириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилди, 50 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ислоҳотларнинг қонунчилик асослари яратилди. Ерга эгалик шаклини ўзгартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш асосий мақсад қилиб белгиланди. 

Бироқ хусусийлаштириш жараёни жуда секин кечди. Давлат активларини топшириш кўп ҳолларда кечиктирилди, айрим ҳолларда берилган активлар аслида фойдасиз бўлиб чиқди. Бунга асосан ҳудудий ҳокимликларнинг ўз кучини йўқотишдан қўрқиб, сунъий тўсиқлар яратгани, ислоҳотлар жараёнига тўсқинлик қилгани сабаб бўлди. Муниципалитетларнинг роли заиф эди. Биринчи сайланган муниципалитетлар фақат 2000-йил январь ойидан ишлай бошлади.

Ерларни тақсимлаш қуръа ташлаш йўли билан амалга оширилди. Бундай тақсимот жараён кўп ҳудудларда адолатли ўтганлигини тасдиқлади.

Хусусийлаштирилган участкаларнинг майдони қишлоқнинг ер ресурсларига боғлиқ бўлиб, ери кам ҳудудларда 0,1-0,5 гектардан бир неча гектаргача ўзгариши мумкин эди. Ислоҳотларнинг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, ер хусусий қўлларга бепул ўтказилди. Яшаш жойидан қатъи назар барча фуқароларга ердан фойдаланиш, ижарага бериш, сотиб олиш ёки сотиш ҳуқуқи берилди. Дастурлар мамлакатнинг турли ҳудудларида тажриба асосида амалга оширилди. 

Эски бошқарув шаклларининг тугатилиши натижасида ерга эгалик қилишнинг учта шакли яратилди: давлат ерлари, муниципал ерлар ва хусусий ерлар.

Ерларнинг катта қисми, жумладан, экин майдонлари хусусийлаштирилди. Натижада 3,5 миллиондан ортиқ фуқаро ер эгасига айланди. 2004-йилда ер олиш ҳуқуқига эга оилаларнинг 98,1 фоизи ўз ерига эга бўлди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 1996-йилдан бошлаб барқарор ўса бошлади. Ўсиш йилига ўртача 8,4 фоизни ташкил этди ва давр охирига келиб, 1991-йил даражасининг 75 фоизигача тикланди.

Шу билан бирга, ислоҳотларнинг ушбу давридаги бир қатор камчилик ва қўлдан бой берилган имкониятларни ҳам қайд этиш лозим. Қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ тармоқларнинг суст ривожланиши, қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи уй хўжаликлари учун даромад манбаларининг чекланиши шулар жумласидандир. Бу эса истеъмол ва бошқа саноат товарларига талабнинг ўсишини секинлаштирди.

2004-йилдан Озарбайжонда ер ислоҳотларининг иккинчи босқичи бошланди. Унда асосий эътибор ер ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилди. Шу мақсадда Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси, Ер инспекцияси ташкил этилди, давлат дастурларини амалга ошириш учун халқаро донорлар кенг жалб қилинди. Бундан ташқари ер участкаларини давлат эҳтиёжи учун олиб қўйишнинг аниқ асослари ва мезонлари белгиланди. Ислоҳотларнинг иккинчи босқичи мамлакатда ер бозорининг нотекис бўлсада, интенсив ривожланишини рағбатлантирди. 

Ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида давлат ер участкаларини хусусийлаштириш жараёни давом этмоқда. Бундан ташқари, ислоҳотларнинг аввалги босқичларида жисмоний шахслар томонидан олинган, бироқ ҳужжатлаштирилмаган ерлар учун мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилаяпти.

Ушбу чора-тадбирлар мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишни якунлаш, шунингдек, саноат ерлари эгаларининг мунтазам субсидиялар олиш имкониятини таъминлашга қаратилган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг