Ер - чекланган ресурс. У бизнинг мавжудлигимиз асоси, озиқ-овқат, сув, энергия ва бошқа ҳаётий ресурслар манбаи. Ундан оқилона ва адолатли фойдаланиш керак.
Ушбу бебаҳо неъматдан қандай фойдаланишимиз керак? Ерни одамлар ўртасида қандай тақсимлаш ҳамма учун максимал фойда келтиради? Қандай омилларни ҳисобга олиш керак? Муваффақиятли ер ислоҳотларини муваффақиятсизликка учраганидан қандай ажратиш мумкин? Бу қийин саволларга жавоблар ҳар доим ҳам оддий эмас.
Шунинг учун ҳам Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) дунё мамлакатлари тажрибасини ўрганишга киришди.
Биз ерларни тақсимлашнинг турли моделларини ўрганамиз, уларнинг афзалликлари ва камчиликларини таҳлил қиламиз ва тўғри танлов қилишда ёрдам берадиган тавсияларни ишлаб чиқамиз.
Миср ва Венгрия мисолида ер ислоҳотлари
Мисрда ер ислоҳотларининг асосий мақсади йирик ер эгалари қатламини тугатиш эди.
1952-йилда мамлакатда 178-сонли қонун қабул қилинди. Унга кўра, ерга эгалик қилиш меъёри белгиланди ва ижара ҳақи чекланди. Шу билан бирга, йирик ер эгалари ортиқча ер учун давлат заёмлари шаклида компенсация олди.
Ҳукумат 5 феддан (2,1 гектар) дан кам ери бор фермерлар учун кооперативларни ташкил этди.
Натижада, ислоҳот Мисрда қишлоқ аҳолиси орасида камбағаллик даражасининг 1951-йилдаги 56,1 фоиздан 1965-йилда 23,8 фоизгача қисқаришига олиб келди. Бундан ташқари, муҳим бойлик (инсон капитали) сифатида кўрилаётган таълим олиш имконияти яхшиланди.
1945-йилда Венгрияда илгари йирик ер эгаларига тегишли бўлган ерларни бўлиб беришга қаратилган ислоҳотлар ўтказилди. Ер-мулкларнинг экспроприацияси 3 миллион гектарга яқин ерни кичик фермерлар ва ерсиз ишчиларга қайта тақсимлаш имконини берди.
1966-йилга келганда, кооперативлар ва совхозлар қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларнинг катта қисмини, аниқроғи 86 фоизини ўз назорати остига олди. Бироқ, социалистик ислоҳотлар Венгрияда қишлоқ хўжалиги ерларида хусусий мулкчиликнинг бутунлай тугатилишига олиб келмади.
1991-йилда собиқ ер эгаларига ваучер кўринишида тўловлар берилишини назарда тутувчи компенсация тўғрисидаги қонун қабул қилинди.
Собиқ ер эгаларига компенсация ажратилишидан ташқари, ер кооперативларнинг ерсиз аъзолари, кооперативлар ва совхозларнинг ишчилари (хизматчилари) каби ҳозирги фойдаланувчилар гуруҳига тақсимлаб берилди.
Жуда тарқоқ мулкчилик Венгриядаги ер ислоҳотларининг натижаси бўлди. Нисбатан кичикроқ участкалар ҳам кўпинча узун ва ингичка ер бўлакларига ажратилганди. Ер ижараси кенг тарқалди ва 2005-йилга келганда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларнинг 59 фоизи ижарага олинди.