Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Сўнгги йилларда бу соҳада катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, топографик ўлчовлар учун Кадастр агентлиги махсус самолёт ва аэрофотокамера, 112 та дрон билан таъминланди. Соҳани рақамлаштириш учун 6 та ахборот тизими ва маълумотлар маркази ишга туширилди.
Буларнинг ҳисобига, ўтган уч йилда 96 фоиз ерларнинг электрон харитаси яратилди. 40 миллион гектар ер рўйхатга олиниб, солиқ билан боғланди. Аввал ҳисобланмаган 790 мингта янги ва 520 мингта қўшимча қурилма тизимга кирди. Булар орқали бюджетга 1,1 триллион сўмлик қўшимча манба яратилди.
Шунингдек, захирадаги 1,2 миллион гектар қишлоқ ерларига кадастр қилингани ҳисобига 675 минг аҳоли ва фермерларга 425 минг гектар ер бўлиб берилди.
Шу билан бирга, соҳада ҳали қилинадиган ишлар ҳам кўп. Хусусан, 146 минг километр ички йўллар ва атрофидаги ерларнинг ҳужжати йўқ.
Сув хўжалигида ҳам шу аҳвол. Сув ҳавзалари, канал ва коллекторлар атрофидаги бўш ерларни аукцион орқали аҳоли ва тадбиркорларга бериш мумкин. Лекин бугунги кунда 827 минг гектар сув фонди ерларидан фақат 380 минг гектарининг кадастр ҳужжатлари бор.
Шу боис йўл ва сув фонди ерлари кадастрини якунлаб, улардан фойдаланишга шароит яратиш бўйича кўрсатма берилди. Бу орқали 1 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.
Ҳисоб-китобларга кўра, республикада 2,4 миллионта хонадоннинг эгалик ҳужжати йўқ. Уларнинг қадастр ҳужжати қилинса, одамларга ҳуқуқий, иқтисодий замин бўлади. Шу боис ҳужжатсиз уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш бўйича қонун лойиҳасини якунига етказиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, аҳоли узоқ йиллардан буён уй-жой сифатида фойдаланиб келаётган, лекин ҳужжатда қишлоқ хўжалиги ерлари бўлиб қолаётган 817 минг гектар ерни хатловдан ўтказиб, ер тоифасини ўзгартириш таклифи билдирилди.
Кадастр тизимида иш ҳажми кўплиги ҳам долзарб масала. Бу йил 1,5 миллионта кадастр хизмати кўрсатилган бўлса, шундан 600 мингтаси кадастр йиғма жилди билан боғлиқ. Тизимдаги 25 фоиз ходим шу билан банд. Уларга иш юкламаси икки баробар кўп.
Бу борада Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тажриба тариқасида хусусий кадастр муҳандиси институти жорий этилди ҳамда 165 та хусусий кадастр муҳандиси фаолияти йўлга қўйилди.
Энди бу фаолиятга хусусий секторни жалб қилиш назарда тутилмоқда. Одамлар истаса хусусий секторга, истаса давлат идорасига мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бунинг учун кўчмас мулклар янги “УЗКАД” ахборот тизимига ўтказилади, 2024 йил 1 июлдан республиканинг барча ҳудудларида хусусий кадастр муҳандислари фаолияти йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари кадастр хизматлари қамрови ва сифатини ошириш, бунинг учун малакали кадрлар тайёрлаш, соҳани илм-фан билан уйғунлаштириш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.