Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 07/03/2019 Энг яхши болалар қаҳрамонлари танлаб олинди
Энг яхши болалар қаҳрамонлари танлаб олинди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Энг яхши болалар қаҳрамони/қаҳрамонлар гуруҳи” кўрик-танлови якунланди.

Мазкур танлов мактабгача таълим материалларини ўргатувлар учун энг яхши болалар қаҳрамонини яратиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унга 270 нафар ижодкордан 1000 дан зиёд иш келиб тушди.

Асарларнинг 17 таси кўрик-танловнинг якуний – финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Финалчиларнинг 10 нафари онлайн овоз бериш йўли билан сараланган бўлса, қолган 7 нафари ташкилотчилар томонидан танлаб олинди.

Финал босқичида иштирокчиларнинг ишларини Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутахассислари, таниқли санъаткорлар, дизайнерлар ҳамда блогерлар баҳолаб боришди.

Ҳакамлар ҳайъати баҳоларига асосан, биринчи ўрин 172 балл тўплаган Тоҳир Исломовга насиб этди. Унинг “Буюк болакайлар” персонажи энг яхши иш деб топилди ва муаллиф ташкилотчилар томонидан 10 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди.

Иккинчи ўринни эса Хуршид Турсунбоев эгаллади. У яратган “Турсунбой ва Қўчқорвой” персонажи ҳакамлар томонидан 152 баллга лойиқ кўрилди. Муаллифга ташкилотчилар томонидан 6 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

Учинчи ўрин Лейла Мўминовага насиб этди. Унинг “Анора” персонажи 145 балл тўплаб, 4 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

“Мактабгача таълим вазирлиги билан ушбу йўналишда бир қатор лойиҳаларни амалга оширяпмиз, – деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаев. – “Энг яхши болалар қаҳрамони/қаҳрамонлар гуруҳи” кўрик-танлови ҳам ана шуларнинг бири. Ўйлайманки, бугун биз ўзбекистонлик болалар учун севимли персонажлар, бир-биридан чиройли миллий қаҳрамонларнинг яратилганига гувоҳ бўлдик. Танловга тақдим этилган барча ишлардан имкон қадар фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Ушбу қаҳрамонлар яқин келажакда мультфильм, эртак ва ҳикоя қаҳрамони бўлиб болалар орасига, уларнинг қалбига кириб боради. Ушбу лойиҳага бефарқ бўлмаганлардан миннатдормиз”.

Манба: Мактабгача таълим вазирлиги расмий сайти.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг