Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 13/05/2023 Энергия таъминотини яхшилаш чоралари белгиланди
Энергия таъминотини яхшилаш чоралари белгиланди

Энергия таъминотини яхшилаш чоралари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 май куни ҳудудларда энергия таъминоти ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда энергия манбаларини кўпайтириш ва улардан тежаб фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Охирги олти йилда 5 минг мегаваттдан зиёд янги электр қувватлари яратилган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида қўшимча 726 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилган.

Шу билан бирга, бу йил 3 миллиард 400 миллион киловатт соат электр танқис бўлиши, ёзнинг иссиқ кунларида унга кунлик талаб ҳозирги 195 миллион киловатт соатдан 255 миллион киловатт соатга етиши мумкин.

Йиғилишда ушбу талабни қоплаш, электр тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш чоралари муҳокама қилинди.

Мутасаддилар жорий йилда 2 минг мегаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, корхона, хонадон ва ижтимоий объектларда 1 минг 200 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш юзасидан ахборот берди.

Давлатимиз раҳбари бу ишлардаги қолоқликларни таҳлиллар асосида кўрсатиб ўтди. Масаланинг ичига кирмаган, сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларига “ҳайфсан” берилди.

Бу соҳага рағбат бериш мақсадида Президентнинг “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этишга оид қарори имзолангани эълон қилинди. Бунда 1 июлдан гидро электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил” сертификат берилади. Ушбу тизим 1 октябрдан бошлаб, барча қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган  электр учун жорий қилинади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан барча савдо ва сервис корхоналарига қуёш панеллари учун кредит тўловларининг 4 фоизи қоплаб берилади. Халқаро молия ташкилотларидан 100 миллион доллар жалб қилиниб, аҳоли ва тадбиркорларга мақбул шартларда ажратилади.

Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий қилиб, аҳоли ва тадбиркорларни рағбатлантириш, ижтимоий соҳа ва давлат идораларида кичик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда электр тармоқларини таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада Тошкент шаҳрида дастур қабул қилиниб, ишлар бошланган. Ҳозирга қадар 667 километр электр тармоғи ва 175 та трансформатор янгиланган.

Вилоят ҳокимларига электр ускуналари ва материаллар захирасини яратиш, бу йилга режалаштирилган таъмирлаш ишларини 1 августгача якунлаш вазифаси қўйилди. Бунинг учун қўшимча бригадалар ташкил этилиб, малакали мутахассислар жалб қилинади.

Электр таъминотида узилишларнинг олдини олиш учун 1 июндан бошлаб, иссиқлик электр станцияларига бугунги кунга нисбатан 6 миллион куб метр кўп газ етказиб берилиши белгиланди. Сирдарё вилоятида “ACWA Power” компанияси томонидан қурилаётган электр станциясининг биринчи 500 мегаватти ҳам ёзда ишга туширилади.

Шу йил 13 февралда Ўзбекистон Президентининг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган эди. Бу борада қонунчиликка риоя этилишига масъул Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий қилиниб, яхлит назорат тизими яратилди. Бугунги кунга қадар 250 миллиард сўмлик энергия ресурслар ноқонуний ишлатилгани аниқланиб, зарар ундирилган.

Давлатимиз раҳбари бу ишларни давом эттириб, ноқонуний истеъмолга барҳам бериш шартлигини таъкидлади.

Энергияни тежаш, кўмир қазиб чиқаришни кўпайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Соҳадаги яна бир муҳим масала – бензин ва дизель ёқилғиси таъминоти. Юртимизга бу маҳсулотларни олиб келишга чекловлар олиб ташланган. Жойларда 1 миллион тонна ёқилғини сақлаш сиғимлари мавжуд. Бундан фойдаланиб, ҳар бир ҳудуд бензин ва дизель захирасини шакллантириши кераклиги қайд этилди.

Сўнгги пайтларда электромобиллар оммалашмоқда. Мамлакатимизга шу йилнинг ўзида 5 мингга яқин транспорт олиб келинди. Бунга шароит яратиш учун берилган имтиёзларни қўллаб, жойларда қувватлаш қурилмаларини кўпайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг