Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Ўзбекистон 25/01/2016 Елизавета Ан: Хорижда ўқишни истайман
Елизавета Ан: Хорижда ўқишни истайман
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Хабарингиз бор, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети мактаб, лицей ва коллеж ўқитувчилари ўртасида математика танлови ўтказди. Мазкур танловдаги биринчи ўрин Тошкент шаҳридаги Вестминстер университети қошидаги академик лицей ўқитувчиси Елизавета Анга насиб этди.

Қайд этиш жоизки, математика танлови «Ажойиб математика фестивали» доирасида ташкил этилди, ҳамда унинг шартларига кўра, мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларида математика фанидан дарс бераётган ўқитувчилар университет томонидан тақдим қилинган вазифаларни инглиз тилида ечишлари керак эди. Танловга келган ишларни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг кореялик мутахассислари баҳоладилар. Елизавета Анга танловнинг асосий совғаси - планшет топширилди. Шу билан бирга Е. Ан Жанубий Кореянинг нуфузли университетларида магистратура ва докторантура йўналишларида ўқишни давом эттириш ва ўз малакасини ошириш имкониятига ҳам эга бўлади. Биз танлов ғолиби билан суҳбатда бўлдик.

Савол: Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг.

Елизавета Ан: Тошкент вилоятининг Пскент шаҳрида туғилганман. Менинг ажойиб ота-онам ва синглим бор, мен уларни жуда ҳам яхши кўраман. Бизнинг муносабатларимиз жуда ҳам илиқ ва ўзаро ишончга асосланган. Мен Пскент шаҳридаги 2-мактабда ўқиганман. Мактабни битиргач, Ўзбекистон миллий университетининг механик математика факультетига ўқишга кирдим. Мутахассислигим – амалий математика ва информатика.

Савол: Сиз нега айнан математикани танладингиз?

Елизавета Ан: Оилам аъзолари техник маълумотга эгалар. Менинг ота-онам қурувчи инженер. Синглим ва менинг мутахассислигим амалий математика ва информатика. Болалигимдан мен аниқ фанларни ёқтираман, айниқса математика ва информатикани. Университетга ўқишга кириш учун вақт келганда эса, мен иккиланмасдан Ўзбекистон миллий университетининг механик-математика факультетини танладим. Бакалавриатни якунлагач, магистратурага кирдим. Мен таълим олишим ва янада билимимни оширишим кераклигини ҳис қилдим. Университетда менинг иккита илмий раҳбарим бўлган.

Э.М.Сайдаматов бакалавриатда ўқиб юрган пайтимда менга математик физика ва функционал анализ назариясини ўзлаштиришимда кўмак берган. Магистратурада эса профессор К.С.Фаёзов билан ишлаганман. У математикада яқинда очилган йўналиши устида иш олиб боряпти. Шу туфайли мен ўқишим давомида дастурлашдан кўра кўпроқ математика билан ишлаганман.

Магистратурада ўқиб юрганимда, мен 249-мактабда ва TESTOLOG ўқув марказида математика ўқитувчиси сифатида ишладим. Магистратурани битиргач эса, Тошкент шаҳридаги Вестминстер университети қошидаги академик лицей ишга қабул қилиндим. Тошкент шаҳридаги Вестминстер университети қошидаги академик лицейда яхши тарбия кўрган ва ақлли болалар таълим оладилар. Мен учун энг муҳими эса, болаларнинг таълим олишга бўлган қизиқишидир. Бу қувонч ва мамнуният келтиради.

Савол: Танлов тўғрисида ҳақида қандай билдингиз?

Елизавета Ан: Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ўтказилаётган танлов тўғрисида академик лицейдаги ҳамкасбимдан эшитдим. Кейин Тошкент шаҳридаги Инҳа университети веб-саҳифасидан танлов шартларини билиб олдим. Менга танлов ғояси жуда ҳам ёқди. Ҳар бир иштирокчи таклиф қилинган мавзуларни аниқ мисоллар билан тушинтириши керак эди. Шу туфайли мавзулар амалий томондан тушинтирилди. Бу жуда қизиқарли бўлди.

Мазкур танлов менга математика бўйича билимларимни янада оширишга ва янги мавзуларни ўқувчиларимга амалий мисоллар билан тушунтириш ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Ўйлайманки, бу услуб ўқувчиларимга математикага янада қизиқишларини оширади.

Яна шуни айтмоқчи эдимки, танлов фақат инглиз тилида ўткизилмаса яхши бўлар эди. Бизда кучли математика ўқитувчилари бор, аммо тил бўйича талаб туфайли улар танловда иштирок эта олмадилар.

Савол: Сиз Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг малака ошириш дастурида иштирок этиш имкониятини қўлга киритдингиз. Келажакдаги режаларингиз қандай?

Елизавета Ан: Бу дастурда мамнуният билан иштирок этаман. Мен учун малакамни ошириш жуда муҳим. Хорижда ўқишни ва докторлик даражасини қўлга киритишни истайман.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг