Елисей саройида Ўзбекистон Президенти шарафига қабул маросими бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шарафига давлат қабул маросимини уюштирди.
Қабулда икки мамлакат расмий делегациялари, Франция Бош вазири Франсуа Байру бошчилигида Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, таниқли маданият, санъат ва фан арбоблари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Эммануэль Макрон ва унинг рафиқаси Брижит Макронга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бугун бўлиб ўтган музокаралар тарихий аҳамиятга эга эканини, уларнинг натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.
Франция етакчиси бугун ўтказилган музокаралар натижаларини ва имзоланган битимларни олқишлади.
– Бир неча йил ичида биз энергетика, сув ресурсларини бошқариш, коммунал хизматлар, транспорт, барқарор туризм каби муҳим соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга эришдик. Бунинг далили сифатида Франция ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги кўмагида француз компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритаётгани, ҳудудларда қўшилган қиймат ва иш ўринлари яратилаётгани, ёшлар касб ўрганиб, ҳаётда ўз ўрнини топаётганини келтиришим мумкин. – деди Эммануэль Макрон.
Томонлар халқларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қатъий интилишларини билдирдилар.
#Шавкат Мирзиёев