Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 31/05/2024 Электротехника саноатида амалга оширилган ислоҳотлар
Электротехника саноатида амалга оширилган ислоҳотлар

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан электротехника саноатида амалга оширилган ислоҳотлар таҳлил қилинди.

Жаҳонда электротехника саноати жадал суръатлар билан ривожланаяпти ва дунё электротехника бозорида Япония, АҚШ, Германия, Хитой, Корея Республикаси, Сингапур, Малайзия каби мамлакатларнинг мавқеи кучли. Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида «ақлли шаҳар», «углеродсиз шаҳар», «ақлли уй» ёки «ақлли иссиқхона» каби концепциялар жорий этилмоқда. Бу ўз навбатида электротехника саноатининг янада ривожланиши, унинг маҳсулотларига бўлган талабнинг кескин ошишига олиб келаётир.

Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишида саноат, хусусан, электротехника саноати муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар электротехника саноатини иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи муҳим омиллардан бирига айлантирди. Хусусан, 2017-йилда республикадаги электротехника корхоналари сони 48 тани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2023-йил охирига келиб, 9,4 баробар ошди ва 451 тага етди.

Таҳлилларга кўра, 2023-йилда электротехника саноати корхоналари томонидан 2 мингдан ортиқ турдаги жами 26,4 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу 2022-йилдагига нисбатан 118,4 фоиз кўп. Тармоқ корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 81,9 фоизини юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ташкил этади. Шу билан бирга жами ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таркибида юқори технологик маҳсулотларнинг улуши 60,1 фоизни ташкил қилади. 2020-2023 йилларда ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 баробар, экспорт ҳажми эса 3,2 баробар ошди.

Ўзбекистоннинг GSP+ имтиёзлар тизимига қўшилиши электротехника саноати тизимида фаолият юритаётган корхоналарга савдо алоқаларини кенгайтириш учун шароит яратди. Натижада, 2023-йилда, 200 хилдан ортиқ, умумий қиймати 1,05 млрд. АҚШ долларига тенг (прогнозга нисбатан 104,7 фоиз кўп) инновацион электротехника маҳсулотлари Европа Иттифоқи, МДҲ мамлакатлари, Буюк Британия, Туркия, Хитой, БАА каби 68 та мамлакатга экспорт қилинди.

Маълумот учун: Агар 2017-йилда тармоқ корхоналари томонидан 4,8 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва унинг 189,7 млн. долларлик қисми ёки 20,2 фоизи экспорт қилинган бўлса, 2023-йилга келиб, 23,8 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва унинг 1 047 млн. долларлик қисми ёки 47,6 фоизи экспорт қилинди.

Электротехника саноатининг салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида қатор чора-тадбирлар ва вазифалар белгиланган. Жумладан:

- соҳада энг тез ўсиб бораётган йўналишларда илмий тадқиқотларни кучайтириш, «корхона-олийгоҳ-илмий ташкилот» кластер тизимларини жорий этиш;

- маҳаллий хомашё базасидан самарали фойдаланиш ва илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш ҳисобига мисни қайта ишлаш ҳажмини 300 минг тоннага ошириш ва маиший техникани ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга 1,5 млрд. доллар инвестиция жалб қилиш;

- электротехника саноатида изланиш ва ривожлантириш (Р&Д) марказларини ташкил этиш.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг