Валюта курслари 14/03/2025
$1 – 12938.11
UZS – 0.14%
€1 – 14076.66
UZS – -0.18%
₽1 – 149.99
UZS – 0.31%
Қидириш
Ўзбекистон 14/03/2025 Электрон сигареталар муомаласи тақиқланмоқда

Электрон сигареталар муомаласи тақиқланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 13 март куни бўлиб ўтган Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Унда сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари раислари, экспертлар, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Қўмита мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли ўртасида, айниқса болалар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шу жумладан тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ва истеъмол қилинишини чеклаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларини, хусусан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда.

Бу каби аҳоли саломатлигига, айниқса болалар ва ёшлар соғлигига хавф туғдирувчи салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мазкур Қонун ишлаб чиқилган бўлиб, Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Агарда ушбу ҳаракатларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган тақдирда, мазкур шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Шунингдек Қонун билан тамакини қиздириш тизимларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ва ишлаб чиқариш учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Мажлисда сенаторлар томонидан Қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиши билан бирга миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шундан сўнг мажлисда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси эшитилди.

Таъкидланганидек, Омбудсман институти томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, шунингдек давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий институтлар билан ҳамкорлик йўналишларда қатор ишлар амалга оширилган.

Муҳокамада сенаторлар томонидан Омбудсманга 2024 йилда келиб тушган мурожаатлар сони олдинги йилга нисбатан 25 фоизга ошганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, ижтимоий соҳага тааллуқли мурожаатлар сони 2023 йилга нисбатан кескин равишда, яъни 82 фоизга ошганлиги ташвишланарли эканлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Омбудсман томонидан фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб судларга берилган ариза ва даъволар, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ташкилотлар ва мансабдор шахсларга киритилган Омбудсманнинг таъсир чораларини кўриб чиқиш натижадорлиги муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида сенаторлар томонидан Омбудсманга ижтимоий соҳага тааллуқли бўлган мурожаатларни таҳлил қилиш орқали юзага келаётган муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш, бунда Омбудсманнинг таъсир чораларидан самарали фойдаланиш, шунингдек қонунчилик ташаббусидан кенгроқ фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Мажлис якунида кўриб чиқилган масалалар бўйича сенаторларнинг муносабатидан келиб чиқиб, Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг