Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 27/05/2016 Электорат манфаатларининг ҳимояси O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари эътиборида
Электорат манфаатларининг ҳимояси O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари эътиборида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилоят Кенгаши ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Партиянинг дастурий мақсадлари ва унинг электорати манфаатлари ҳамда ҳудудларнинг ривожланиш дастуридан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзуида семинар – тренинг ташкил этилди.

Семинарда партия гуруҳларини ташкил этиш ва улар фаолиятини меъёрий-ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунчиликда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишнинг асосий механизмлари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳларининг доимий комиссиялар мажлислари ва сессиялар кун тартибига таклифлар киритиш бўйича ташаббусларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар давомида партиянинг туман, шаҳар кенгашлари, депутатлик бирлашмалари ва маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада яхшилаш, жойларда қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишда сиёсий партиянинг парламентдаги фракция аъзолари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш борасида мулоқотлар олиб борилди.

Тадбирда шунингдек, партия депутатлик гуруҳларининг ҳудудларда депутатлик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ва масъул ижро этувчи идоралар раҳбарларининг Қонунлар, Давлат дастурлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси юзасидан эшитувларини ташкил этишнинг муҳим ва таъсирчан усулларини ишлаб чиқиш, партия бошланғич ташкилотлари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, жойлардаги муаммоларини ўрганиш ва уларни партия воситалари орқали ҳал этиш бўйича фикр-мулохазалар билдирилди.

—Жорий йилнинг 1-чорагида Халқ депутатлари Тошкент вилояти туман (шаҳар) Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз томонидан ҳам бир қатор самарали ишлар амалга оширилди, - дейди Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Рустам Тошхўжаев. - Хусусан, тегишли ташкилот ва муттасадди раҳбарларга 60 та депутатлик сўровлари юборилиб, улар асосида чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 22 та мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилиб, 32 та назорат таҳлил фаолияти олиб борилган. Қолаверса, маҳаллий Кенгаш сессияларига 20 га яқин масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Ушбу рақамлар депутатлик гуруҳларимизнинг партия дастурий мақсадларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, кучли депутатлик ва жамоатчилик назоратини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф қилиш, умуман, жойларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга доир фаолиятини кучайтиришга катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Бугунги семинар орқали ўз билимларимизни янада бойитдик, ўйлаймизки, бу каби ўқувлар келгусидаги иш фаолиятимизни янада самарали ташкил қилиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиб олиш, жойларда кучли депутатлик назорати, депутатлик сўровларни кенг йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, семинар-тренинг давомида Тошкент вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини амалга оширишда депутатлик гуруҳларининг туман Кенгашлари ва бошланғич партия ташкилотлари билан ўзаро фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг ўз сайлов округидаги сайловчилар мурожаатларини кўриб чиқишни самарали ташкил этиш ҳамда аҳолини ўз фаолиятидан хабардорлигини ошириш мақсадида партия гуруҳларининг жойлардаги ОАВ билан ўзаро ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш масалалари борасида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Тадбир якунида маҳаллий Кенгашлардаги сиёсий партиялар депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг