Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 16-17 октябрь кунлари Остона шаҳрида “Ўзгарувчан дунё тартиботидаги ўртаҳол давлатлар: Хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлаш” мавзусида ташкил этилган ақл марказлари форумида иштирок этди.
Остона халқаро форуми шафелигида Президент ҳузуридаги Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган анжуманда Марказий Осиё, МДҲ, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Осиё мамлакатларидан 45 нафарга яқин етакчи эксперт иштирок этди. Ялпи мажлисда мезбон давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев сўзга чиқди.
СМТИ директори “II Марказий Осиё хавфсизлик ва ҳамкорлик форуми” мавзусидаги сессияда сўзга чиқиб, минтақамиз ривожи истиқболига алоҳида тўхталди.
Э.Арипов яқин ўтмишда экспертлар бизнинг минтақани “Марказий Осиёдаги Болқон”, хусусан Фарғона водийсини эса, кескин зиддиятларга мойиллиги, ер ва сувдан фойдаланиш, миллатлараро адоват билан боғлиқ низолар туфайли портлаш арафасида турган жисмга қиёслашганини ёдга олди.
– Биз пишиб етилган барча муаммоларни ҳал қилдик, жиддий келишмовчиликларни бартараф этишга муваффақ бўлдик, – деди у. – Бу жараёнга 7 йил олдин Президентимиз томонидан Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланганда киришилди. Шу тариқа минтақамиз давлатлари буткул қарама-қаршиликларга тўла замондан яқин шериклик ва ҳамкорлик давригача бўлган каттагина йўлни босиб ўтди. Бундай юксалиш бизга бемалол Янги Марказий Осиё вужудга келаётгани ҳақида ишонч билан гапириш имконини беради. Бугунги кунда минтақа қадам-бақадам янги имкониятлар ва манфаатлар, инклюзив ҳамкорлик майдонига айланмоқда.
Шу аснода эксперт минтақа иқтисодий кўрсаткичлари фаол ўсиб бориши суръатига алоҳида эътибор қаратди: Марказий Осиё иқтисодиёти сўнгги ўн йил ичида барқарор – 6,2 фоиз ўсиб, жаҳондаги ўртача кўрсаткич (2,6 фоиз)дан икки баробар юқорилади. Марказий Осиёга жалб қилинган сармоя миқдори қарийб икки баробар – 2016 йилдаги 27 миллиард доллардан 2023 йилга келиб 50 миллиард долларга кўтарилди. Айни пайт мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро тўғридан-тўғри инвестиция ҳам йилига ўртача 9 фоиздан ўсиб боряпти.
Қўшма корхоналар сони мунтазам ошиб боряпти. Масалан, 2016 йилдан буён юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари капитали иштирокидаги бизнес субъектлари қарийб 6 баробар – 1830 тага, қўшни давлатлардаги Ўзбекистон корхоналар сони эса 8,5 баробар, яъни 4 700 тага кўпайди.
Минтақага аллақачон истиқболли бозор сифатида қаралмоқда. 2050 йилга бориб нуфуси 100 миллион кишидан ошиши тахмин қилинаётган Марказий Осиё энг ёш ҳудудлардан бири бўлиб қолади – аҳолининг ўртача ёши тахминан 30 ёшни ташкил этади.
Мутахассис таъкидлашича, минтақа рақамли ва яшил трансформация учун зарур ноёб материалларга бой захирага ҳам эга. Айни ҳолат ташқи ҳамкорлар қизиқишини янада оширади. “Марказий Осиё+” мулоқот форматлари бунинг ёрқин ифодаси. Зеро, бугунги кунда мавжуд 10 дан ортиқ шундай мулоқот майдонидан 6 таси сўнгги 5 йил ичида яратилди. 2022 йилдан бошлаб ушбу платформаларнинг аксарияти давлат раҳбарлари даражасида – Хитой, АҚШ, Германия ва Европа Иттифоқи билан ўтказилмоқда. Келгуси йил бу сафга Жанубий Корея ҳам қўшилади.
Эксперт фикрича, давлатлар ушбу ноёб геосиёсий имкониятдан фойдаланиб, умумий қарашларни ҳимоя қилиши ва учинчи давлатлар билан ҳамкорликда минтақавий ривожланиш устуворлигини мувофиқлаштириб олиши зарур. Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё мамлакатларига хос бўлган, минтақа иқтисодий ривожини таъминлай оладиган рақобатбардош устунликни ҳисобга олиш жуда муҳим.
Биринчидан, Элдор Ариповнинг фикрича, минтақа Евросиё қитъасидаги муҳим агросаноат марказига айланиш имконига эга. Қишлоқ хўжалиги мамлакатларимиз иқтисодиётининг асосий тармғи сифатида қайта ишлаш саноатини зарур хом ашё билан таъминлайди.
Бугунги кунда минтақа аҳолисининг 50 фоиздан кўпи қишлоқларда истиқомат қилади. Қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганлар минтақадаги умумий иш билан банд кишиларнинг қарийб 40 фоизини ташкил этиб, ЯИМнинг 90 миллиард долларга тенг қийматини, яъни ўртача 20 фоизини таъминламоқда.
Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида агросаноат кооперациясини ривожлантириш, соҳага сармоя ва юқори технология жалб этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракат жуда зарур.
Иккинчидан, эксперт фикрича, рақамлаштиришнинг долзарблиги ортиб бормоқда. Бугунги кунда рақамли технология инсоният ҳаётининг барча жабҳаларига жадаллик билан кириб бориб, иқтисодий тараққиётни ҳаракатлантирувчи кучга айланмоқда.
Жаҳоннинг йирик бозорларидан географик жиҳатдан узоқлиги ва логистика харажати юқорилиги туфайли минтақа мамлакатлари товарлари аввал бошданоқ рақобатбардошликни йўқотади. Хусусан, юк ташиш харажати улуши якуний таннархнинг 50 фоизини ташкил этади. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 11 фоиз ёки қарийб 5 баробар қиммат.
Бу вазиятдан чиқиш йўли IT соҳасини кенг ривожлантиришдир.
– Аксарияти ёшлардан иборат Марказий Осиё аҳолиси сони тез ўсиши, қолаверса рақамли хизматларнинг энг фаол истеъмолчилари айнан улар ҳисобига тўғри келиши минтақада IT бозорини ривожлантириш учун муҳим афзаллик ҳисобланади, – дейди эксперт.
Фаразларга кўра, 2028 йилга бориб минтақада интернет фойдаланувчилари 20 фоиз кўпайиб, 63 миллион кишигаетади, қамров даражаси 70 фоиздан 75 фоизга кўтарилади.Бу мамлакатларимизга IT маҳсулотлари экспортини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
Биргина Ўзбекистонда 2020 йилдан буён IT хизмати экспорти 22 баробар ошиб, 2023 йил охирида 344 миллион долларга етди.
Учинчидан, Элдор Ариповнинг фикрича, қайта тикланадиган энергия ташқи иқтисодий шериклар билан ҳамкорлик учун энг муҳим ўсиш нуқталаридан бирига айланмоқда. Бу, айниқса, Марказий Осиёда энергетика инфратузилмаси ривожланиш суръати саноатлаштириш ва урбанизация, шунингдек демографик ўсиш тезлигидан ортда қолаётган бугунги кунда жуда долзарб. Шу нуқтаи назардан, эксперт
Жаҳон банки ҳисоботига мурожаат қилиб, 2030 йилгача энергияга минтақавий эҳтиёж 30 фоиздан кўпроқ ошишини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, энергия таъминоти имкониятини кенгайтириш учун қайта тикланадиган манбаларга изчил ўтиш, миллий ва минтақавий энергия тизимини модернизация қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатларига яқин 5-10 йил ичида камида 20 миллиард доллар сармоя керак бўлади.
– Марказий Осиё+ форматидаги шериклар билан айни йўналишдаги режалар амалга оширилиши минтақамиз энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашига ишончим комил, – деди СМТИ директори.
Мутахассис Марказий Осиёда юмшоқ куч мавжудми ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан, сўнгги йилларда мамлакатларимиз минтақа бу борада улкан салоҳиятга эга эканини тобора теран англай бошлаганига урғу берди:
– Марказий Осиёда тарихан ўтроқ ва кўчманчи маданиятлар ўзаро боғланган, кўплаб этник гуруҳлар яшаган, бағри кенг кўп конфессиявий муҳит ҳукм сурган. Бу заминда зардуштийлик вужудга келган, буддавийлик шу жойдан Шарққа қараб ёйилган, ислом динига оид фундаментал асарлар бизда ёзилган. Барча оқимлар, маданият ва динларга нисбатан очиқлик тафаккур ва тараққиёт кучли ривожланиши учун шароит яратган. Минтақанинг очиқлиги, барқарорлиги, қарама-қаршиликларни муроса асосида ҳал қилиш имконияти ва ривожланган инфратузилма Марказий Осиёдаги мавжуд “юмшоқ куч” унсурларини бутун дунёга намоён қилиш имконини беради. Бугун бутун дунёда маданиятимиз, ўзлигимиз, мусиқамиз, меъморчилигимиз, кийим-кечагимиз, миллий ошхонамиз, спортдаги ютуқларимизга қизиқиш тобора ортмоқда. Буларнинг бари бутун минтақада юмшоқ кучни шаклантириш учун кучли манбадир.
Делегациямиз раҳбари сўзларига кўра, биз улкан маданий, тарихий ва цивилизацияга оид меросимизни талашиш, буюк алломаларимиз, шоирларимиз, мутафаккирларимиз миллати ҳақида баҳслашишни тўхтатмоқдамиз. Бу ижобий тенденция. Бугунги кунда ҳаммамиз бор мулкимиз умумий эканини яхши англаяпмиз.
Шу нуқтаи назардан Элдор Арипов биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, минтақа мамлакатлари ва халқларини яқинлаштириш, Марказий Осиёнинг бой маънавий меросини бутун дунёга тарғиб қилишга муҳим ҳисса қўшган шоир, мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишлаб яқинда Туркманистонда ўтказилган форумга эътибор қаратди.
Эксперт Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида алоҳида қарор қабул қилинганини мисол тариқасида келтирди. Ушбу сана муносабати билан адабий кеча, танлов, анжуман ва семинарлар ўтказилмоқда. Театрларда спектакллар намойиш этилмоқда, ўзбек ва туркман ижодкорлари биргаликда адиб ҳақида бадиий фильм суратга олди. Тошкент ва Хивада буюк сиймога атаб ёдгорлик ўрнатилди. Яқинда Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирокида Ашхободда Абай ҳайкали очилди.
– Беқиёс аҳамиятини намоён этаётган ушбу умумий қадрият туфайли кўз ўнгимизда бизнинг ягона маданий-тарихий цивилизациямиз қайта гавдаланмоқда, – дея хулоса қилди Элдор Арипов. – Бу умумий салоҳиятимизни бирлаштириш учун замин яратади.