Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ҳукумат қарори (257-сон, 28.03.2019 й.) билан Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар томонидан амалга оширилади.
Болаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ва маҳаллалар ҳар йили 1 июнгача идоралараро кенгашларга ёзма тавсия билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этади:
ўқувчиларнинг ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлганда);
ўқувчи ва оила аъзоларининг паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари;
ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);
боқувчисини йўқотганлик тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда).
Ҳужжатлар ҳар йили 10 июнгача идоралараро кенгашлар томонидан кўриб чиқилади ҳамда 15 июнга қадар вилоят кенгашларига тақдим этилади.
Қўллаб-қувватлаш бўйича қарор ҳар йили 30 июнга қадар қабул қилинади.
Ўқувчилар қуйидагилар билан таъминланади:
замонавий ягона мактаб формаси;
асосий турдаги ўқув қуроллари;
бадиий китоблар.
Шунингдек, ўқувчиларга газета ва журналларга обуна бўлишда амалий ёрдам кўрсатилади ҳамда уларнинг республика оромгоҳларида дам олиши ва саёҳатлар ташкил этилади.
Манба: Адлия вазирлигининг телеграмдаги “Ҳуқуқий ахборот” канали.