Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) –Айтиб ўтганимиздек, Марокашнинг Марракеш шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при сериясига кирувчи мусобақалардан бири бугун старт олган эди. Қувонарлиси, ушбу турнирнинг биринчи кун беллашувлари терма жамаомиз учун муваффақиятли якунланди.
Бироз аввал -60 кг вазн тоифасида Шарофиддин Лутфуллаев олтин медал қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик. Ундан сўнг -66 килограмм вазннинг финал баҳсида Сардор Нуруллаев чемпионлик учун курашди. Сардорга бу йўлда мисрлик Муҳаммад Абдулмавжуд рақиблик қилди. Беллашув давомида рақибидан устун эканлигини кўрсата олган Сардор учинчи дақиқа ўтиб бораётган пайтда рақибини соф усулга тушуриб, мисрлик дзюдочини муддатидан аввал мағлуб этишга эришди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси Марокаш Гран-присининг биринчи кунида 2 та олтин медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида пешқадамлик қилмоқда. Эртага баҳс олиб борадиган полвонларимиздан ҳам мана шундай ёрқин ғалабалар кутиб қоламиз.
Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси расмий сайти.