Тошкент шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ юристи ўзаро келишган ҳолда, суд тизимида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали, 2021 йилда Жиноят Кодексининг 131 ва 135-моддалари билан судланиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда жазо муддатини ўтаётган шахснинг айбловидан 135-моддани олиб ташлаш орқали, унга нисбатан тайинланган жазони енгилроқ жазо турига алмаштириб бериш эвазига 75 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Лекин, улар сўралган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур адвокат 2015-2020 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судининг судяси бўлиб, МЧЖ юристи эса 1999-2003 йилларда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди ходими сифатида фаолият юритган.
Бошқа ҳолатда эса, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган, Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати суд органларидаги танишлари орқали, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумнинг жазосини озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазога алмаштириб бериш эвазига 17 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Самарқанд шаҳридаги адвокатлик ҳайъати адвокати шаҳар прокуратураси иш юритувидаги жиноят иши бўйича гумонланувчи шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламасликлари учун, прокуратура тизимидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 1,5 минг АҚШ доллари олган вақтида
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.