Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 07/06/2024 ДХХ: Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида солиқ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди
ДХХ: Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида солиқ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қарши туман солиқ инспекциясининг сайёр солиқ текширувлари шўъбаси бош инспектори маҳаллий 5 та МЧЖ фаолияти юзасидан жорий йилнинг сентябрь ойига қадар камерал солиқ текширувлари ўтказмаслик эвазига 2300 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, у ушбу пул маблағини вилоят солиқ бошқармасининг камерал солиқ текширувлари шўъбаси бош инспекторига бериши кераклиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда мазкур мансабдор шахс ҳам 2300 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Бухоро вилояти Ғиждувон туман солиқ инспекцияси катта инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, туман марказидаги «Ҳўжаи жаҳон» савдо комплекси ҳудудида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорни жорий йилнинг охирига қадар айланма солиқ тўловчиси тоифасидан, ҳар ойда 2 млн. 424 минг сўм тўлайдиган қатъий турдаги солиқ тўловчиси тоифасига ўтказмаслик, келгусида солиқ идоралари томонидан бўладиган текширувлардан ҳимоя этиш ҳамда унинг фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 8 млн. сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган умумий овқатланиш масканида 6 ой мобайнида солиқ текширувлари ўтказмаслик, аксинча, унинг фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 600 АҚШ доллари олган вақтида мазкур туман солиқ инспекциясининг бош инспектори Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга туман солиқ инспекциясининг шўъба бошлиғининг алоқадор эканлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланди. 

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги МЧЖ фаолияти бўйича ўтказилган солиқ аудити текшируви натижасида аниқланган 267 млн. 300 минг сўм қўшилган қиймат солиғи ва 664 млн. 700 минг сўм соф фойда солиғини мансабдор танишлари орқали камайтириб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида мазкур туман солиқ инспекциясининг камерал назорат шўъбасининг собиқ бошлиғи ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг