Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 26/02/2018 Душанбеда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтади
Душанбеда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йил март ойининг биринчи ярмида Душанбе шаҳрида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари учун бизнес-форум бўлиб ўтади.

Мазкур кўргазма Тожикистон ишбилармон доиралари вакилларини Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан таништирибгина қолмай, Тожикистон бозорига маҳаллий маҳсулотлар ва хизматларни етказиб бериш имкониятларини ҳам кўрсатиб беради.

Кўргазмада автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил саноат, фармацевтика, кимё, нефть ва газ, металлургия ва электротехника саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилади.

Шунингдек, режалаштирилган кўргазма билан бир қаторда, Тожикистон ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари учун бизнес-форум бўлиб ўтади. Унда икки мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятининг тақдимоти ҳамда B2B ва B2G форматларида бир қатор учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

«Хорижий мамлакатларда шу каби миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва бизнес-форумларнинг ўтказилиши, хорижий шериклар билан маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга имкон беради. Бугунги кунгача, Тошкент ва Душанбе шаҳарларида ташкил этилган ўзаро миллий кўргазмалар доирасида қиймати 100 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган савдо соҳасидаги шартномалар имзоланган", дейди Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтда ўзбек маҳсулотларини сотиб олиш учун Тожикистон банкларига кредит линиялари тақдим этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Ушбу имконият қисқа вақт ичида икки мамлакат ўртасида бизнес фаолликни сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

Маълумот учун: 2017 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 236,8 млн. АҚШ долларини ташкил этди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 20,2% га кўпдир. Тожикистонга асосан транспорт хизматлари, минерал ўғитлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон капитали иштирокида 22 корхона фаолият юритмоқда.

2017 йил апрель ойидан бошлаб «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси мамлакатлар пойтахтлари ўртасида мунтазам йўловчи қатновларини бошлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг