Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 07/02/2024 Доха шаҳрида Ўзбекистоннинг 2024 йилги Давлат дастури лойиҳаси ватандошларимиз иштирокида муҳокама қилинди
Доха шаҳрида Ўзбекистоннинг 2024 йилги Давлат дастури лойиҳаси ватандошларимиз иштирокида муҳокама қилинди

6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Қатарга амалий ташрифи давомида ушбу мамлакатда яшаётган ватандошларимиз билан учрашди. Мулоқот асносида Янги Ўзбекистонда инсон қадрини жойига қўйиш борасида амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-маърифий ва маданий-гуманитар ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида фикр юритилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 23-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади».

Ушбу конституциявий нормалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди», деган ҳаққоний фикрлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Бинобарин, кейинги саккиз йил давомида айни ҳақиқат том маънода амалда ўз тасдиғини топмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур дастуриламал ҳужжатнинг 94-мақсади айнан «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш» деб номланган бўлиб, унда бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.

Ўз навбатида, шу кунларда мамлакатимиз кенг жамоатчилиги томонидан «Ўзбекистон–2030» стратегиясини 2024 йил – «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси қизғин муҳокама этилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжат лойиҳасида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш билан боғлиқ муайян долзарб вазифалар ҳам кўзда тутилган.

Бу ўринда, жумладан, «Ўзбекистонлик ватандошлар бутунжаҳон қурултойи»ни ташкил этиш ва уни юқори савияда ўтказиш; «Ватандошлар» жамоат фонди ҳузурида хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларга масофадан туриб кун-тун хизмат кўрсатувчи онлайн электрон портални ишга тушириш; хориждаги ватандошлар орасида «Бирлашамиз» умумий чорлови остидаги маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш каби эзгу мақсадлар ҳақида сўз бормоқда.

Тадбирда сўзга чиққан ватандошлар давлатимиз раҳбарияти хориждаги ўзбекистонликларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини эътироф этдилар. Ўзларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.

Мулоқот асносида «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Қатар давлатида яшаётган ватандошларимиз лойиҳа юзасидан ўз амалий таклифларини билдирдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг