Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 25/05/2016 “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасида ёшларга кредитлар ажратилмоқда
“Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасида ёшларга кредитлар ажратилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугун мамлакатда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, иқтидорларини амалда намоён этишига кўмаклашиш, айниқса, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг жалб этишда нафақат, давлатимиз ва ҳукуматимиз, балки O‘zLiDeP томонидан ҳам кенг кўламли ислоҳотлар, қатор партиявий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Партиянинг ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан бир неча йилдан буён ўтказиб келинаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси шулар жумласидандир.

Айтиш керакки, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Марказий банк ҳамда етакчи тижорат банклари билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқув-семинарларда Жиззах вилоятидаги мавжуд 75 та касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган 19 минг 417 нафар битирувчидан 9 минг 145 нафар ёшларнинг иштироки қамраб олинди. Шулардан 1 минг 520 нафар битирувчининг бизнес режаси маъқулланиб, тижорат банкларига тавсия этилди.

– Лойиҳа доирасидаги семинар-тренингларда коллеж битирувчилари ўзининг қандолатчилик, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сутни қайта ишлаш, иссиқхона ташкил этиш, мебел, қурилиш материаллари, полиэтилен махсулотларини ишлаб чиқариш, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш, боғдорчилик, асаларичилик соҳаларини ривожлантириш борасидаги ўз бизнес ғоялари билан иштирок этишди, – дейди O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Олим Норжигитов. – Айтиш жоиз, ушбу лойиҳани амалга оширишда Марказий банки ва етакчи тижорат банкларининг иштирок этаётганлиги ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда. Чунки, ўтган йили ушбу лойиҳа доирасида 82 нафар битирувчига вилоятдаги тижорат банклари томонидан 774 млн. 800 минг сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 98 та янги иш ўрнини яратилишига эришилган. Жорий йилда эса 1520 нафар лойиҳа иштирокчиларининг бизнес-режалари тижорат банкларига тавсия этилди. Бу эса партиямиз “Ёшлар қаноти” томонидан амалга оширилаётган ушбу истиқболли лойиҳанинг ёшларимиз орасида тобора оммалашиб бораётганидан далолат беради.

– Ушбу лойиҳани амалга ошираётган O‘zLiDePдан миннатдорман, – дейди Жиззах Саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зуҳра Олимжонова. – Чунки, мен истиқомат қилаётган туманда бирорта ҳам қандолатчилик маҳсулотлари етказиб берадиган цех йўқ. Партиянинг мазкур лойиҳаси доирасидаги семинар-тренингда қатнашиб “Қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш” бўйича бизнес лойиҳасини амалга ошириш иштиёқи туғилди ва аҳолимиз дастурхонини тўкин қилиш мақсадида қандолатчилик ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган кичик цех очишга қарор қилдим. Келгусида “Микрокредитбанк”дан 6,5 млн. сўм миқдорида кредит олиб, аҳолига мазали ва сифатли қандолатчилик маҳсулотлари етказиб беришни йўлга қўйишни режалаштирганман. Бунда албатта, партиянинг мазкур лойиҳаси ўз тадбиркорлик фаолиятимни амалга ошириш учун қулай имконият яратиб бермоқда.

Жиззах вилоятида O‘zLiDeP нинг мазкур лойиҳаларида фаол қатнашиб ўз бизнесини йўлга қўйган кўплаб ёшлардан бу каби илиқ фикрларни эшитиш мумкин. Боиси, ёшларимиз партия томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларда ўз билим ва кўникмаларини ошириш, бизнес ғояларини йўлга қўйиш орқали Ватанимиз тараққиёти ва юртимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг