Мажлис кун тартибига киритилган барча масалалар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.
Депутатлар ишни “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2018 йил 17 август) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августдаги қарорига мувофиқ тайёрланган бўлиб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида икки давлат раҳбарлари томонидан 2018 йил 17 августда Тошкент шаҳрида имзоланган шартномани ратификация қилишни назарда тутади.
Шартномага биноан, томонлар тенглик ва ўзаро манфаатдорлик, тинч- тотув яшаш ва ўзаро ишонч принципларига таянган ҳолда, узоқ муддатли ва барқарор стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш мақсадини кўзлайди. Ҳужжатда давлатлараро муносабатларнинг ривожланиш истиқболлари аниқ қамраб олинган. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестициявий, сув-энергетика, экология, маданий-гуманитар, ҳарбий-техникавий ва бошқа соҳаларда икки томонлама манфаатли муносабатларнинг асосий принциплари ва устувор йўналишлари белгилаб берилган.
Депутатларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенг кўламда эътироф этилаётган яқин қўшничилик, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсати билан йўғрилган ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга, икки томонлама алоқаларни кучайтиришга хизмат қилади.
Шундан сўнг депутатлар “Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Женева конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги (Женева, 1971 йил 29 октябрь), “Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартномасига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги (Женева, 1996 йил 20 декабрь) ҳамда “Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг ижролар ва фонограммалар бўйича шартномасига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги (Женева, 1996 йил 20 декабрь) Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Ушбу муҳим қонун лойиҳалари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-17 май кунлари АҚШга расмий ташрифи чоғида икки мамлакат раҳбарининг қўшма баёнотида Ўзбекистон томонининг ушбу шартномаларга аъзо бўлишини кўзда тутувчи бандлари ҳамда мамлакатимиз Президентининг ташриф якунлари бўйича имзолаган тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу халқаро шартномалар ва конвенцияга қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатлар интеллектуал мулкка оид муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро талаблар Ўзбекистон томонидан аниқ ва сўзсиз ижро этилишини таъминлашнинг эътирофи бўлиб, адабий ва бадиий асарлар муаллифлари, ижрочилар ва уларнинг фонограммаларни такрорлаш борасидаги ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган.
Депутатларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг мазкур халқаро ҳужжатларга қўшилиши тобора глобал аҳамият касб этиб бораётган масала – муаллифларнинг санъат, ўз адабий ва бадиий асарларига бўлган ҳуқуқларининг муҳофаза қилинишини таъминлашга, пировардида мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги имижини янада яхшилашга хизмат қилади.
Шундан сўнг мажлисда депутатлар “Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, кейинги пайтда суд-ҳуқуқ соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Эътиборлиси шундаки, бу ўзгаришлар соҳанинг барча жиҳатларини, шу жумладан, давлат божи миқдорини мақбуллаштириш ва суд харажатларини суд процессининг барча иштирокчилари ўртасида адолатли тақсимлаш масалаларини ҳам қамраб олган.
Депутатлар томонидан кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси бу борада фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат этишда давлат божи ставкалари камайтирилганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Парламент аъзоларининг фикрича, ушбу янгилик фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий, маъмурий судларга даво аризалари киритилганда низоларнинг тааллуқлилигидан келиб чиқиб, бож ундириш объектларини алоҳида қилиб белгилашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мажлис кун тартибидаги “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам қизғин кечди.
Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳасининг мақсади атмосфера ҳавосини муҳофазалаш борасидаги норматив-ҳуқуқий, иқтисодий механизм ва воситаларни такомиллаштириш, қонун бузилишлари натижасида қўлланиладиган иқтисодий чоралар тизимини ривожлантириш, соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни яратишдан иборат.
Парламент қуйи палатасининг аввалги мажлисида ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари айнан ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда иқтисодиётни юксалтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, хусусан, тадбиркорликни тараққий эттиришга тўсиқ бўлишини таъкидлаган ҳолда, тадбиркорлар манфаатларини фаол ҳимоя қилиб чиққан эди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатларнинг мазкур эътирозлари инобатга олиниб, лойиҳа янада такомиллаштирилди. Бунда, биринчи навбатда, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишдаги махсус ваколатли давлат органларининг ушбу соҳадаги назорат функциялари ва ҳуқуқларига аниқлик киритилди. Шу билан бирга, фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атмосфера ҳавосига чиқарилаётган чиқиндилар миқдорини камайтириш, шу орқали атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳаёти, соғлиғи ва генофондини асраб-авайлаш, экологик барқарорликни сақлашга хизмат қилади.
Мажлисда муҳокама этилган навбатдаги масала “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 170- моддасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Қайд этилишича, мамлакатимизда чет эл валютасини айирбошлаш эркинлаштирилгандан буён соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, хорижий валютанинг қонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ошиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда тайёрланган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддаси, Жиноят кодекси 177-моддасининг санкциясига ўзгартиш киритиш орқали валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун жазо чораларини белгилаш ҳамда жарималар миқдорини ошириш кўзда тутилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини кучайтиришга, аҳоли томонидан чет эл валюталарини айирбошлаш шохобчалари орқали харид қилиш даражасини оширишга, иқтисодиётдаги мавжуд хуфиёна секторга барҳам беришга ва чет эл валютасининг назоратсиз чиқиб кетиш йўлларини бартараф этишга ёрдам беради.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақидаги масала ҳам депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди.
Мазкур қонун лойиҳаси Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги Фармонига ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Унга кўра, Департамент Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб қайта ташкил қилинган, унинг иқтисодий жиноятлар ва коррупция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги асосий вазифалари ва функциялари белгиланган.
Лойиҳа билан 19 та қонун ва 5 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Уларда Департаментнинг номи, унинг вазифа ва функцияларининг ўзгариши, халқаро стандартлар асосида оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмини ишлаб чиқиш, идентификациялаш, таваккалчиликларни баҳолаш, уларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва таъминлаш, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар жавобгарлигини ошириш ҳамда улар фаолияти устидан назоратни кучайтириш каби бир қатор муҳим ўзгаришлар акс этган.
Мажлисда депутат Ш. Полвонов сўзга чиқиб, 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берди. Қайд этилишича, парламент Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари томонидан ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017 йил ва жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 33 та парламент эшитуви ўтказилди, 6 та парламент сўрови юборилди ҳамда қўмиталар томонидан 66 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Шунингдек, ҳисобот даврида қўмиталар томонидан қонун ҳужжатларининг ижро ҳолатини ўрганишга қаратилган 50 дан зиёд тадбир ўтказилди.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ушбу масала бўйича тегишли қарори қабул қилинди.
Депутатлар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг таклифига асосан мажлис кун тартибига киритилган Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси ҳақида”ги ахборотини эшитиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.
Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.