Валюта курслари 13/11/2024
$1 – 12793.38
UZS – -0.08%
€1 – 13595.52
UZS – -0.6%
₽1 – 130.73
UZS – 0.07%
Қидириш
Ўзбекистон 14/07/2016 Депутатлар «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш киритишни маъқулладилар
Депутатлар «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш киритишни маъқулладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 13-июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама этдилар.

Депутатлар таъкидлаганларидек, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг долзарблиги шундаки, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида мавжуд норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар матнларидан фойдаланувчиларнинг, шу жумладан ижрочилар ва аҳолининг тезкор ҳамда кенг фойдаланишини таъминлашга қаратилгандир. Лойиҳанинг қабул қилиниши ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини фуқароларга ўз вақтида ва тўлиқ етказиш учун қўшимча шарт-шароит яратади, бу эса аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада яхшилашга хизмат қилади.

Ўзини парламентдаги муҳолифат деб эълон қилган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси мажлис давомида ўз ваколати доирасида мазкур қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритди. Муҳолифат аъзолари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш масалаларини аниқлаштиришга, шунингдек қонуннинг кучга киришига тааллуқли айрим тузатишлар киритишни таклиф этдилар.

Ушбу қонун лойиҳаси кўриб чиқилганидан сўнг овозга қўйилди, унинг натижаларига кўра депуталарнинг кўпчилиги дастлабки киритилган қонун лойиҳаси учун овоз бердилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг