Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 07/09/2017 Депутатлар Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллади
Депутатлар Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилнинг биринчи ярмидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқди.

Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари Давлат бюджетини тақсимлашда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди.

Мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси, экологияни тоза сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Президентимизнинг жорий йилдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод ва кўркам қиёфа касб этишида муҳим омил бўлмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш алоҳида кўзда тутилган.

2017 йилнинг биринчи ярмида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга сарфланган харажатлар миқдори 316,8 миллиард сўмни ташкил этди. Аҳоли пунктларини ободонлаштиришга 459,1 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида таъкидланганидек, ҳисобот даврида мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган дастурларни мукаммаллаштириш, шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига эътибор қаратилди.

Фракция аъзолари таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя соҳасига йўналтирилган маблағлар ижросига алоҳида тўхталди. Соҳалардаги мавжуд муаммо ва камчиликлар мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.

Депутатлар соҳага йўналтирилган маблағлар мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Йиғилишда ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда туманларни субвенциядан чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил биринчи ярмидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини маъқуллади. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг