Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 01/11/2016 Депутатлар 2017-йилга аҳоли бандлиги дастурини қабул қилдилар
Депутатлар 2017-йилга аҳоли бандлиги дастурини қабул қилдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган 2017-йилга аҳоли бандлиги дастури лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Йиғилишда дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8-сентябрдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган устувор вазифалар асосида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Мазкур ҳужжат демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ишга солиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўзаро боғланган ва комплекс чора-тадбирларни кўзда тутади.

Дастурда 390 минг кишини доимий иш жойи билан, 200 минг кишини – қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини – шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик орқали иш билан таъминлаш назарда тутилган.

Депутатлар томонидан ўтган йиллардан фарқли равишда келгуси йил дастурининг параметрлари янада оптималлаштирилиб, ҳудудлар ва корхоналарнинг реал имкониятлари ҳисобга олингани алоҳида таъкидланди. Жумладан, қурилиш ва инфраструктурани ривожлантириш, туман ва шаҳарларда кичик саноат зоналари ташкил этиш ҳисобига иш ўринлари яратишнинг йўналишлари кенгайтирилган. Шунингдек, ушбу дастур лойиҳасини тайёрлашда 2016-йил давомида аҳоли бандлигини таъминлаш параметрларининг ижроси юзасидан депутатлар томонидан амалга оширилган парламент назорати якунлари натижасида ишлаб чиқилган таклифлар эътиборга олинган.

Ушбу дастур лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида атрофлича муҳокама қилиниб, бир қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича парламент назоратини янада кучайтириш, ҳар бир депутатнинг ушбу масалага масъулиятини янада ошириш лозимлиги таъкидланди. Мазкур таклифлар инобатга олинган ҳолда 2017-йилга аҳоли бандлиги дастури депутатлар томонидан қабул қилинди.

Ж.Носиров, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Таъкидлаш жоиз, 2017-йилги дастурга кўплаб янгиликлар киритилган. Жумладан, фракциямиз ҳудудлардаги мавжуд ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш орқали иш ўринларига талаб юқори бўлган 34 та туманда аҳоли бандлигини таъминлашга доир махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилаётганига эътибор қаратди. Бу нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятларини кенгайтиради, балки ушбу ҳудудларда бугунги кунда мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини юксалтириш ҳамда замонавий инфратузилма обектларини барпо этиш имкониятини яратади.

И.Хажиев, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Туман (шаҳар) ҳокимликлари қошидаги махсус ишчи комиссиялар фаолияти натижадорлигини ошириш асосида аҳоли бандлиги дастури ижроси мониторингини самарали ташкил қилиш энг муҳим вазифалардан биридир. Бундай ёндашув иш жойлари қисқаришининг олдини олиш, ишсиз аҳолини касбга қайта ўқитиш ҳажмларини кенгайтириш ва шу орқали кафолатланган иш билан таъминлаш имкониятини беради. Шунингдек, фракциямиз таълим муассасалари битирувчилари ишга жойлашганлигининг ҳаққонийлигини тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида электрон ахборот алмашинуви тизими асосида мониторинг қилиш тажрибасини кенг жорий қилишни таклиф этди.

З.Акромова, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

– 2017-йилда аҳоли бандлигини таъминлашга бўлган эҳтиёжни аниқлашда янгича ёндашувлар қўлланилган. Жумладан, дастур лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳар бир қишлоқ (маҳалла) бўйича демографик ҳолат бирма-бир ўрганилган ва иш жойларига муҳтож бўлган аҳолининг ҳақиқий сони касблар кесимида аниқланган. Натижада иш ўринлари яратиш имкони мавжуд бўлган соҳалар ва тармоқларнинг ички имкониятларини максимал даражада ҳисобга олган ҳолда ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аҳоли бандлигини таъминлашга оид буюртмалар шакллантирилган. Фракциямиз бундай ёндашувни аҳолининг бандлик даражасини ошириш ҳамда фуқароларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали ечимларидан бири деб ҳисоблайди.

У.Саматов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Банд бўлмаган аҳоли ва ишсизларга, биринчи навбатда ёшларга, хотин-қизларга, имконияти чекланган шахсларга касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва ишга жойлаштириш хизматлари кўрсатиш учун касб-ҳунарга ўқитиш марказлари имкониятларидан кенг фойдаланиш дастур ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ушбу марказларда ишсиз фуқаролар, мавжуд бўш (вакант) иш ўринларини ҳисобга олган ҳолда талаб юқори бўлган бир қатор йўналишларда касб-ҳунарга қайта ўқитилади ва малакаси оширилади. Шу билан бир қаторда, фракциямиз вакиллари банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш учун ҳудудий меҳнат органлари фаолиятида замонавий ахборот технологиялари, иш қидиришнинг ихтисослаштирилган дастурлари имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш лозимлигига эътибор қаратди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг