Валюта курслари 08/05/2025
$1 – 12910.15
UZS – -0.11%
€1 – 14660.77
UZS – 0.27%
₽1 – 159.78
UZS – -0.1%
Қидириш
Ўзбекистон 29/04/2025 Давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва келишиш жараёнлари тартибга солинмоқда

Давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва келишиш жараёнлари тартибга солинмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Қонун мамлакатимизда мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган давлат мудофаа буюртмаларига оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қонунда мамлакатнинг миллий манфаатларидан, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидлар даражасидан, замонавий ҳарбий можароларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, тасдиқлаш ва бажариш, шунингдек, давлат мудофаа буюртмаси учун ажратилган молиявий ресурслардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш давлат мудофаа буюртмасининг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда;

Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги давлат бошқаруви тартибга солинмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлигининг, ваколатли давлат органининг, шунингдек, буюртмачиларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Бунда Вазирлар Маҳкамаси давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаши, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, келишиш ва бажариш тартибини тасдиқлаши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Қонунда Давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва келишиш тартибга солинмоқда. Жумладан, навбатдаги йил учун зарур бўлган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар учун буюртмачилар томонидан тайёрланган буюртманомалар молиялаштириш масалалари бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилганидан кейин ваколатли давлат органига ҳар йили 1 июлга қадар юборилиши белгиланмоқда.

Мазкур Қонунда Давлат мудофаа буюртмасини махсус ваколатли комиссия томонидан кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби кўрсатилиб, Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган давлат мудофаа буюртмаси навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олиниши белгиланмоқда.

Сенаторлар қайд этганидек, Қонуннинг қабул қилиниши давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш, келишиш, тасдиқлаш ва бажаришга оид муносабатларни тартибга солишнинг ягона ҳуқуқий механизми яратилишига хизмат қилади. Шунингдек, ҳужжат мудофаа ва хавфсизлик борасидаги эҳтиёжларни самарали таҳлил қилиш, таъминланиши лозим бўлган маҳсулотлар орасидан устуворларини белгилаш ҳамда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар мутаносиб равишда шакллантиришга кўмаклашади.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг