Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 26/02/2018 Давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида фуқаролик форуми
Давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида фуқаролик форуми
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Вазирлик ва идоралар, юртимизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар, ННТлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишда нодавлат ташкилотларининг ролини ошириш” мавзуида фуқаролик форуми бўлиб ўтди. Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Фуқаролик форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгиланган асосий вазифалардан келиб чиқиб ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида ўтказилди.

Тадбир фуқаролик жамияти ривожига тўсиқ бўлаётган энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, уларни хал этиш юзасидан ўзаро ҳамкорликда таклифлар тайёрлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва ролини янада оширишга қаратилган янги ташаббусларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Фуқаролик форуми икки сессиядан иборат бўлиб, биринчи қисмда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгиланган асосий ғоя ва фикрларга бағишланди. Шунингдек, иштирокчиларга Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2017 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда 2018 йилда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида кутилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида ахборот тақдим этилди.

Иккинчи қисм “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожи: муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари” мавзусига бағишланиб, унда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларни ҳаётга тадбиқ этишда ННТлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фаоллари иштирокини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, ННТлари ва фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти самарадорлигини ошириш учун керакли шароитларни яратиш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Фуқаролик форумининг асосий вазифалари:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгиланган асосий ғоя ва фикрларни кенг жамоатчилик, хусусан халқаро ташкилот вакилларига етказиш;

- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик доирасидаги Ҳаракатлар режасини амалга оширишни муҳокама қилиш;

- 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга манфаатдор томонлар (ННТ, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари)ни фаол жалб қилиш;

- инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш соҳасидаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш;

- маҳаллий ННТлари билан давлат идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш;

- фуқаролик жамияти соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва ривожлантириш.

Тадбир якунларига кўра, муҳокама давомида билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва фуқаролик жамиятининг ривожи учун қулай шароитлар яратишга қаратилган қисқа муддатли чора-тадбирлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Бугунги тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2017 йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Инсон ҳуқуқлари ва ўзаро ҳамкорлик” мавзусидаги Биринчи фуқаролик форумининг мантиқий давоми ҳисобланади. Унда 60дан зиёд ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этиб, бу каби муҳокамаларни доимий тарзда ўтказиб боришга келишиб олинган эди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг