Давлат бюджетининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик, идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж. Қўчқоров тақдим этди.
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси ялпи мажлисга қадар барча фракциялар ва қўмиталарда дастлабки тарзда атрофлича кўриб чиқилди. Муҳокамалар давомида 60 дан ортиқ масалалар кўтарилди. Депутатларнинг саволларига батафсил жавоблар берилди. Кун тартибидаги масалалар бўйича халқ вакилларининг таклиф ва тавсиялари эшитилди. Бундай амалиёт давлат бошқаруви органлари ўртасида шаффофлик ва очиқлик тамойилларини қатъий таъминламоқда. Ҳисобдор ижро ҳокимияти ва парламент назорати институтларининг амалда изчил татбиқ этилаётганидан далолатдир.
Жаҳон иқтисодиётидаги ўзгарувчанлик ва юқори ноаниқлик шароитида, ҳудудларда аҳоли бандлиги ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича чоралар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,6 фоиз, бозор хизматлари 13,3 фоиз, қурилиш ишлари 10,7 фоиз ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 4,0 фоизга ошган. Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 273,4 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсгани мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш жараёнлари давом этаётганини кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг реал даромадлари 9,5 фоизга ошиб, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида ҳамкор давлатлар билан иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ташқи савдо айланмаси 37,0 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,1 фоизга ошган.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 103,4 фоизга бажарилгани ҳамда харажатлар бўйича режа кўрсаткичлари 96,8 фоизни ташкил қилгани бюджет барқарорлиги таъминланганидан далолат бермоқда.
Мажлисда депутатлар Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ҳамда бюджет барқарорлиги таъминланганини ижобий баҳолаб, эришилган натижалар Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари ҳамда йирик инвесторлар томонидан кенг эътироф этилаётганини қайд этдилар.
Таъкидланганидек, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ошган ва деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган.
Давлат бюджетининг харажатлари эса ҳисобот даврида 173,3 трлн. сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 16,0 фоизга ўсган. Бунда, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда фуқаролар учун муносиб шароитлар яратиш давлат молиявий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида сақланиб қолаётгани депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Буни соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажмининг йилдан-йилга ошиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий харажатлар учун Давлат бюджетидан 86,2 трлн. сўм ёки 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,1 трлн. сўмга кўп маблағ йўналтирилган. Бу эса жами харажатларнинг 49,8 фоизини ташкил этади.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида қўшилган қиймат солиғидан манфий фарқни қоплаш учун солиқ тўловчиларга 12,1 трлн. сўм миқдорида қўшилган қиймат солиғи суммалари қайтарилган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини “соя”дан чиқариш ҳамда легаллаштириш чоралари кўрилгани натижасида ҳисобот даври якунида қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 230,4 мингтани ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 мингтага ёки 3,4 фоизга ошган.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида “оғир” тоифага киритилган 205 та маҳаллада умумий қиймати 326 млрд. сўмлик 247 та лойиҳа ғолиб бўлганлиги натижасида, 114 та ички йўлларни таъмирлаш, 73 та мактаб ҳамда 24 та тиббиёт ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш каби лойиҳаларга маблағлар йўналтирилгани ижобий баҳоланди.
Депутатлар эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлигига ҳам танқидий баҳо берган ҳолда ўз муносабатларини билдирди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон
Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари эришилган ижобий натижалар билан бирга, мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаганлик ҳолатларига ҳам эътибор қаратишди. Бугунги кунда “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш учун солиқ тизимини соддалаштириш, рақамлаштириш ва давлат хизматларини электронлаштиришни жадаллаштириш ишларини давом эттириш, иқтисодиёт тармоқларида юқори қўшилган қиймат занжирини шакллантириш орқали тармоқларни таркибий ўзгаришлар (диверсификация) қилишни давом эттириш лозимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ айрим масалалар юзасидан эътирозларини билдирдилар. Хусусан, бугунги кунда дунёда кам сонли давлатлар зиммасига оладиган соғлиқни сақлаш соҳасига давлатимиз томонидан етарлича маблағлар ажратилаётгани қайд этилган ҳолда, онкология ҳамда эндокринология касалликлари учун ажратилган маблағларни ўз вақтида ўзлаштиришда мутасаддилар, масъул вазирликлар масъулиятини ошириш зарурлиги, акс ҳолда, бу ислоҳотлар натижадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидладилар.
Парламентдаги мухолиф фракция — Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари иқтисодий-ижтимоий барқарорликни таъминлаш учун Давлат бюджетидан етарли даражада маблағлар ажратилаётгани, лекин айрим вазирлик ва ташкилотларнинг ҳаракатсизлиги натижасида ажратилган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмай қолаётганини таъкидлади. Бу борада Ҳукумат кузатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасадди вазирликларга тегишли чоралар кўриши ҳамда йил якунига қадар лойиҳаларни якунига етказиш бўйича аниқ назорат режалари ишлаб чиқиши лозим, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизимини янада яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ва қишлоқ жойларида кадрлар етишмаслиги каби муаммолар ҳамон долзарб бўлиб қолаётганини қайд этиб, тиббиёт муассасаларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш, ижтимоий соҳани давлат-хусусий шерикчилик асосида ривожлантиришга доир бир қатор таклифларни илгари сурди.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишни ресурс ва энергия тежамкорлика асосланган “Яшил ривожланиш” моделига ўтишга йўналтирилганини энг тўғри йўл, деб баҳоладилар. Шу билан бирга, ажратилиши режалаштирилган маблағларни тўлиқ молиялаштириш, сарфланадиган маблағлар самарадорлигига эътибор қаратиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Бунинг ижросини жойларда бевосита самарадорлигини ўрганиш, бу борада парламент назоратини кучайтириш лозимлиги ҳам қайд этилди.
Мажлисда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қизғин савол-жавоблардан сўнг, депутатлар Давлат бюджетининг
ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилдилар.