Валюта курслари 26/12/2024
$1 – 12928.27
UZS – 0.14%
€1 – 13462.21
UZS – 0.35%
₽1 – 129.66
UZS – 0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 24/05/2016 Давлат бюджети ижросининг таҳлили – янги Қонун асосида
Давлат бюджети ижросининг таҳлили – янги Қонун асосида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда алоҳида ўрин тутади. Бу O‘zLiDeP фракциясидан ўз ишини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариб, қабул қилинаётган қонунлар, энг муҳим социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш давлат дастурларининг сўзсиз ижро этилиши устидан парламент назорати самарадорлигини оширишни талаб этади.

O‘zLiDeP фракцияси ўзининг кундалик фаолиятида Олий Мажлис назорат функцияларининг қонунчиликда мустаҳкамланган замонавий шакллари ва усулларидан фаол фойдаланиш, шу жумладан мамлакатимизнинг энг муҳим иқтисодий ҳужжати – Дават бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишга интилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни фракциялар, депутатлар гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқиши, шу асосда тегишли давлат органларидан қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Мазкур тартиб-таомилларнинг ҳуқуқий асослари «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, фракцияларга, депутатлар гуруҳларига Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари томонидан ўрганиш ташаббуси билан чиқиши борасида яна бир имконият берилган.

2016 йил 24 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилда ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагида ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама ва танқидий муҳокама қилишга бағишланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларининг изчил ва тизимли амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт ўсишининг барқарор ва юқори суръатларига ҳамда макроиқтисодий мувозанатга эришилгани, ижобий суръатлар жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам сақлаб қолингани, буларнинг барчаси иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани таъкидланди.

Хусусан, 2015 йил якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,8 фоизга, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми салкам 18 фоизга ошди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасида ижобий сальдо таъминланди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмади.

O‘zLiDeP фракцияси йиғилишида иштирокчилар Давлат бюджети ва мақсадли давлат жамғармалари бюджетлари ижросини партия электоратининг манфаатлари ҳамда сайловолди Дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан таҳлил қилишга эътибор қаратди. Хусусан, тадбирда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирлар ижроси таҳлил қилинди.

Кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етди ёки 1,8 баробар ошди. Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида шу йилнинг биринчи чорагида 8,4 мингдан ортиқ ёки 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга кўп янги кичик бизнес субъекти ташкил қилинди. Йил бошидан кичик бизнес субъектларига 3,6 триллион сўмлик ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўпроқ кредит ажратилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Давлат бюджети ижросининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, бу O‘zLiDeP электорати манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Қишлоқ хўжалигида босқичма-босқич таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, ғўза майдонларини мақбуллаштириш орқали экин майдонлари таркибини ўзгартириш, майдонларни кўпроқ бошоқли дон, сабзавот экинларини етиштириш, боғдорчилик ва узумчиликка ажратиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда.

Фракция томонидан қишлоқ хўжалиги хомашёсини саноат асосида чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Мамлакатимизда мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди. Бу йил давомида нархларнинг мавсумий кескин ошиб кетишига йўл қўймасдан, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ушбу маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш имконини бермоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, 2015 йилда ва жорий йил биринчи чорагида Давлат бюджетининг ижроси тасдиқланган параметрларга мувофиқ таъминланган. Тадбир якунида парламент назорати O‘zLiDeP фракцияси зиммасига алоҳида маъсулият юклаши таъкидланди. Давлат бюджетини шакллантириш, тасдиқлаш ва ижросини назорат қилишда фаол иштирок этиш партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда кучли воситадир.

Йиғилиш якунлари бўйича O‘zLiDeP фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг