Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистонда инсонларнинг ҳаёт цикли давомида истеъмол харажатлари ва даромадлари ўзгаришидаги хусусиятлар ҳамда қарз муносабатларига киришишини таҳлил қилди.
Таъкидлаш керакки, иқтисодий назария (барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезаси) рационал (оқил) инсон ҳаёти давомида истеъмолини (ҳозир ва келажакка оғишларсиз) бир маромда тақсимлайди, деган фикрни илгари суради.
Яъни рационал инсонлар даромади паст бўлган (болалик ва ёшлик) даврида етарли даражада истеъмолни таъминлаш (таълим харажатларини қоплаш, уй ва уй жиҳозлари) учун (ота-она, давлат ва жамиятдан) муддатли қарз олади. Кейинчалик даромади нисбатан баланд бўлган ўрта ёшларда қарзини қайтаради, кейинги авлодга қарз беради ва ортганини кексаликка жамғаради. Кексайган чоғида эса қолган жамғармаларини истеъмол қилади.
Барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезаси Ўзбекистон учун ҳам тааллуқли.
Унга кўра, инсонларнинг даромадлари 30 ёшгача тезлик билан ўсади, энг юқори нуқтаси тахминан 30-50 ёш оралиғида сақланиб туради ва 60 ёшдан сўнг кескин пасаяди. Бу ўз навбатида, даромад ва истеъмол орасидаги фарқ қарз олиш орқали компенсация қилиниши зарурлигини билдиради.
Ўзбекистонда аҳоли ўртасида ўтказилган сўров (450 киши) натижаларига кўра, ёш оилалар (оила боқувчиси ёши ўртача 38 ёш) бошқа оилаларга нисбатан (оила боқувчиси ёши ўртача 49 ёш) даромадининг кўпроқ қисмини қарз тўлашга сарфлаётганини маълум қилган. Бу юқоридаги назарий қарашга (барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезаси) мос келади.
Бунда, респондентларнинг 18 фоизи маиший техника, 22 фоизи уй-жой, 13 фоизи автомобиль, 10 фоизи ўқиш учун шартнома тўлови, 11 фоизи телефон учун қарз олганлиги маълум бўлди. Респондентларнинг қолган 34 фоизи қарзи йўқлигини билдирган. Шундан 18 фоизи ўз жамғармаси борлигини билдирган.
Сўров натижалари бўйича аҳолининг 10 фоизи тижорат дўконларидан муддатли тўловга қарз олишни (10 фоизи банк кредитини, қолганлар ўз ва яқинлари маблағи бўлишини) афзал кўришини инобатга олиб, Ўзбекистонда тобора оммалашиб бораётган муддатли тўловга уй жиҳозларини таклиф этиш бозори ўрганилди.
Бунда энг оммабоп 13 та интернет дўконидаги талаб юқори бўлган бир хил русумдаги смартфон, музлатгич, телевизор ҳамда кондиционерларнинг муддатли тўлов нархлари таҳлил қилинди.
Маълумот учун: Статистика агентлиги маълумотларига қараганда, 2022-йилда ҳар 100 та уй хўжалигига 309 та мобиль телефон, 115 та музлатгич, 171 та телевизор ва 45 та кондиционер тўғри келган.
Натижалар шуни кўрсатадики, танланган бир хил русумдаги телефон ўртача 4,8 млн. сўмдан, музлатгич 8,1 млн. сўмдан, телевизор 6,8 млн. сўмдан ва кондиционер 6,1 млн. сўмдан сотилаётганлиги аниқланди.
Айнан мазкур товарлар дўконлар томонидан 12 ойга муддатли тўлов орқали йиллик ставкаси ўртача 70 фоиздан 77 фоизгача харидорларга тақдим этилмоқда.
Шу билан бирга солиштириш учун, ҳозирги кунда тижорат банклари томонидан белгиланган талабларга мувофиқ ажратилаётган истеъмол кредити ставкалари 17 фоиздан 38 фоизгачани ташкил этмоқда.
Ушбу бозорларда нархлар ва муддатли фоиз тўловлари ўртасидаги катта тафовут бир томондан, аҳоли орасида маълумотларнинг нотекис тақсимлангани (information asymmetry) ҳамда уларнинг молиявий саводхонлигини янада ошириш буйича тадбирларга эҳтиёж борлигини кўрсатади. Иккинчи томондан, банк хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган, норасмий иқтисодиётда фаолият юритаётган аҳоли муддатли тўлов бозоридан кўпроқ фойдаланган бўлиши мумкин.
Индивидуал молиявий интизом (кредит тарихига ёшликдан эътиборли бўлиш) ва расмий иқтисодиётда фаолият юритиш истеъмолчининг банк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлардан тўлақонли баҳраманд бўлиши ва самаралироқ фойдалана олиш эҳтимолини оширади.