Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги ички йўлларни таъмирлаш лойиҳаси билан танишди. Лойиҳага кўра 2017-2018 йилларда тумандаги барча ички йўллар тўлиқ таъмирланади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳа билан танишар экан, йўлларнинг сифати ва замонавийлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Катта бино ва иншоотлар, бозор ҳудудларига яқин масофаларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаслиги муайян ноқулайликлар туғдираётганлигини кўрсатмоқда. Президентимизга катта бино ва иншоотлар олдида махсус автотураржойлар лойиҳаси ҳақида ахборот берилди.
Унга кўра бинолар ёнида автомобиллар учун мўлжалланган уч ва тўрт қаватли автотураржойлар қурилиши режалаштирилган. Бу йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз йўлларни яхшилаш билан бирга, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини ҳам замонавий талаблар даражасида бунёд этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. ЎзА.