Инновациялар – жамият ва мамлакатнинг барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишини таъминлайдиган куч бўлиб, бугунги кунда инновациялар барча соҳаларга жорий этилиши зарур. Бу борада юртимизда инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капиталини, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси қабул қилинди. Стратегия доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида инновацион лойиҳаларни бирдек амалга ошириш мақсадида тармоқ корхоналарда инновацияларни жорий этиш вазифаси юклатилган раҳбар ўринбосарлари - Chief Innovation Officer лавозими жорий этилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офиси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) билан ҳамкорликда тармоқ корхоналардаги инновация бўйича масъул бўлинма раҳбарлари учун жорий йилнинг 2-3 май кунлари халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида махсус “Chief Innovation Officer workshop” семинари ташкил этилди.
Семинарни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Шахло Турдикулова очиб берди ва ўз нутқи давомида Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга оширишда инновацияларни жорий қилишга масъул ходимларнинг вазифаси жуда муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Семинарнинг биринчи куни давомида БМТ Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) менежерлари Элиф Кизилдели, Иммануела Бадде ва Анастасия Панковалар тақдимот ўтказшди. Тақдимотда БМТ барқарор ривожланиш мақсадлари ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш стратегияси олдига қўйилган вазифаларнинг бир-бири билан мутаносиблиги, тармоқ корхоналар учун айланма иқтисодиётни трансформация қилиш ва унда инновацияларни роли ҳақида сўз борди. Технологияларни трансфер қилиш ҳамда корхоналарда инновацияларни жорий қилиш бўйича халқаро тажриба билан бўлишилди ва бу борада алоҳида тавсиялар берилди.
Семинар давомида “Ўзсаноатқурилишбанк” вакили ҳам қатнашиб, инновацияларни ривожлантириш учун давлат-хусусий шериклик моделлари, стартаплар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ва Ўзбекистонда “Green Banking” (яшил иқтисодиётни молиялаштириш) га қаратилган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Бундан ташқари Франциянинг нуфузли BUREAU VERITAS компанияси вакили томонидан инновацион маҳсулотларни экспортга йўналтириш ва халқаро стандартлаштириш масалаларида ҳам тақдимот ўтказилди. Инновациялар Миллий офисининг масъул ходимлари эса тармоқ корхоналар билан ҳамкорликка, хусусан инновацияларни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий қилиш ва технологиялар трансферини амалга оширишда кўмакларини беришга тайёр эканликлари ҳақида гапириб, соҳа бўйича ўз тавсияларини беришди.