Жиззахда Мюррел хоним шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги “Ягона дарча” маркази фаолияти билан танишиб чиқди. Ушбу марказда турли давлат хизматларини тадбиркорлик субъектларига кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган.
Таъкидлаб ўтиш керакки, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштирилган ва БМТ Ривожланиш Дастури, маҳаллий ҳокимиятлар ва бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилган ва Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятларида аҳолининг давлат хизматлари ҳамда ижтимоий ахборотларга осонроқ эга бўлишини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа доирасида бир қанча ишлар қилинди. Лойиҳа “ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатилишини такомиллаштиришга ва маҳаллий давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини оширишга қаратилган.
Лойиҳа доирасида “ягона дарча” марказлари фаолияти тўгърисида қўлланма чоп этилди, маҳаллий ҳокимиятларнинг ва халқ депутатлари Кенгашларининг “очиқ маълумотлар” порталларини ишлаб чиқишга ёрдам берилди, ҳамда давлат ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларига очиқ маълумотлар базалари бўйича семинар-тренинглар ўтказилди.
Бундан ташқари, киcкик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига узлуксиз давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги 20 та “ягона дарча” марказларига бензинли генераторлар етказиб берилди. Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги “ягона дарча” маркази эса йилига 5,5 Кw/соат қувватига эга бўлган қуёш панелларига эга бўлди.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, фуқаролар қулайлиги учун ҳокимият бинолари ичида ахборот киосклари ташкил этилди. Улар ёрдамида, хоҳловчилар ўзларига керак бўлган ахборотни қидириб топишлари ҳамда фойдали видеороликлар томоша қилишлари мумкин.
Самарқанд шаҳрида Мюррелл ҳоним Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмаги асосида маҳаллий аҳолини касбий кўникмаларга ўргатиш маркази “САБР” ва педагогика коллежига ташриф буюрди. Меҳмонлар “САБР” нодавлат нотижорат ташкилоти яратилишининг қисқача тарихи ва унинг Буюк Британиядаги “Haven-Wolverhampton” ташкилоти билан 19 йиллик ҳамкорлиги ҳақида қисқача маълумот олишди.
Меҳмонлар лойиҳа доирасида сотиб олинган ускуналар (қандолатчилик ва тикувчилик, соч турмаклаш, компютер саводхонлиги, тренинг хонаси, маникюр ва педикюр) билан жиҳозланган Педагогика коллежи ётоқхонаси биносида жойлашган Маҳаллий Ривожлантириш Маркази ўқув хоналарини кўздан кечиришди. Бундан ташқари меҳмонлар касбий ўқув модуллари, молиявий, ҳуқуқий саводхонлик учун ишлаб чиқилган интерактив тренинг модуллари билан танишдилар. Меҳмонларга касбий малака курсларига ва ўз кичик бизнесини очиш курсларига қатнайдиган марказ яқинидаги маҳаллалар ёшлари ва коллеж ўқувчиларининг келиб-кетиш журналлари кўрсатилди.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича бюроси ҳодими Сара Мюррелл ҳоним Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг Тошкентдаги Элчихонаси кўмагида амалга оширилаётган иккала шаҳардаги ишлар билан мамнунлигини билдирди.