Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 08/02/2016 Бухорода янги темирйўл вокзал қурилмоқда
Бухорода янги темирйўл вокзал қурилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Йўловчиларга қулайлик яратиш ва қатновлар сонининг ортиб бориши янги вокзалга бўлган эҳтиёж туфайли, ўтган йилнинг ёз ойларида эски Бухоро вокзали тўлиқ бузилиб, мустаҳкам пойдеворга эга янги вокзал қурилиши бошлаб юборилган эди. Эски вокзал 1902-йилда қурилган бўлиб, бир қаватдан иборат бўлган. Ўтган вақт давомида бир неча маротаба қайта таъмирланган бўлсада, кутиш зали ва перон қисмининг кичиклиги боис бир вақтнинг ўзида бор-йўғи юз нафар йўловчига мослашган эди.

Янги қурилаётган вокзал биноси эса икки қаватдан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Ундан меҳмонлар учун 1 та ВИП зали ҳамда 4 та дам олиш хоналари ўрин олади.

Шу билан бирга навбатчилар, видео кузатув назорати, она ва бола учун махсус хоналар ҳамда тиббиёт пункти, маълумотхона ва буфет ташкил этилади. Бугунги кунда 40 нафарга яқин қурувчилар замонавий техникаларда вокзал биносининг биринчи ва иккинчи қаватларини сифатли қуриб, том қисмини мустаҳкам материаллар билан ёпишди. Перон қисми ҳам кенгайтирилиб, имконияти чекланган ва кўзи ожиз йўловчилар учун махсус йўлакчалар бунёд этилмоқда. Айни пайтда қурувчилар томонидан хоналарни девор билан ўраш, эшик ва ромларни ўрнатиш ҳамда пардозлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Баҳор ойида эса вокзал ташқарисида кўркам ва замонавий фаввора, йўловчиларга чипта сотиш маскани ҳамда автомобиллар учун турар жой қурилади. Энг муҳими қурилиш жараёнида сифатли ва замонавий материаллардан фойдаланилиб, техника ва ҳаракат ҳавфсизлигига қатъий амал қилинмоқда.

Бугун вокзал чиптахоналаридан маҳаллий йўналишлар ва халқаро қатновларга бир кунда, 9 мингга яқин чипта сотилади. 2015-йил йўловчиларга чипта сотилиши 2014-йилга нисбатан 109 фоизга бажарилган бўлса, йўловчилар сони 112 фоизга этди. Жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган Бухоро вокзали яқин вақт ичида халқаро талабларга мос равишда миллий ва замонавий қиёфа касб этиб, юртимизнинг энг кўркам масканларидан бирига айланиши шубҳасиз.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг