Валюта курслари 05/12/2024
$1 – 12813.04
UZS – -0.1%
€1 – 13457.54
UZS – -0.27%
₽1 – 122.60
UZS – 1.34%
Қидириш
Туризм 27/05/2016 Бухорода “Ипак ва зираворлар” фестивали бошланди
Бухорода “Ипак ва зираворлар” фестивали бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 26-май куни қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида “Ипак ва зираворлар” фестивали бошланди.

Фестиваль аввало миллий либосларда кийинган ёшлар ва кенг аҳоли иштирокида кўҳна анъаналаримиз ва қадриятларимизни тарғиб этган ҳолда тантанали юришдан бошланди. Мазкур тадбир ижодий гуруҳ томонидан саҳналаштирилган дастур асосида Бухопо шаҳрининг тарихий қисмида ўтказилди.

3 кун давомида “Ипак ва Зираворлар” фестивалга ташриф буюрган республика ва хорижлик ҳунармандлар, зираворчилар ҳамда тадбиркорлар маҳсулотларининг савдо ярмаркаси ташкил қилинади.

Халқаро миқёсдаги тадбирлар, танлов ҳамда кўргазмаларда муваффакиятли иштирок этиб келаётган уста-ҳунармандлар (зардўзлик, кандакорлик, кулолчилик, миниатюра санъати, темирчилик, гилам ва атлас тўқиш, каштачилик ва ҳ.к.) томонидан маҳорат мактаблири ўтказилади ҳамда миллий ҳунармандчилик устахоналаридаги фаолият намойиш этилади.

Ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, миллий ўйинларимизнинг тарихи, истиқлол йилларида уларни қайта тиклаш ҳамда ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор, бу йўналишда эришилган ютуқларимизни хорижий сайёҳларга намойиш қилиш мақсадида турли миллий кураш мусобақалари, хўроз уруштириш, қўчқор жанги, дорбозлик каби бир неча асрдан бери сақланиб келаётган халқ уйинлари ташкил этилади.

Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган машҳур ошпазлар ўртасида уюштириладиган “Палов сайли” кўрик танлови миллий ошхонамиз мухлислари учун ҳақиқий “Ошпазлар жанги”дан баҳраманд бўлиш имкониятини яратади.

Замонавий кийим-кечаклар модаси ва кийиниш маданияти мавзуси ҳам фестиваль дастурига киритилган бўлиб, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси билан ҳамкорликда ёш дизайнерлар томонидан миллий ва замонавийликни ўзида мужассам этган атлас ва адрасдан тикилган либослар намойиши бўлиб ўтади.

Фестивалнинг кўнгилочар дастурлари қаторига турли вилоятларнинг фольклор жамоалари томонидан Бухоро шаҳри тарихий жойларида қизиқарли маданий дастурлар намойиши ҳамда юртимизнинг таниқли ва ёш истеъдодли санъаткорлари ижросидаги гала концерт ташкил қилинади.

Фестиваль сўнггида эса маданий меросимиз ҳамда "Ипак ва зираворлар” фестивалининг мазмун моҳиятини очиб берувчи саҳналаштирилган бадиий-композицион дастур ҳамда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш тадбири ўтказилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг