«Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари» МТУ Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтида «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида ташкил этилган янги географик ахборот тизимлари (GIS) лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги GIS лабораторияси энг замонавий компьютерлар, сервер, маълумотлар маркази, плоттер билан жиҳозланган.
Очилиш маросимида ФАО ходимлари янги лабораториянинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти, шунингдек, унинг ишлаш тамойиллари бўйича тақдимотлар ўтказишди. Институт профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари энг сўнги технологиялар асосида жиҳозланган янги лабораториянинг имкониятлари билан таништирилди.
«ФАО қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмонлар, сув ресурсларини сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор бериб, агро-озиқ-овқат тизимлари доирасида атроф-муҳитни яхшилаш тарафдори. Шунинг учун биз ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш учун илғор технологияларни жорий этишни жуда муҳим деб билами», - дея таъкидлади CACILM-2 лойиҳаси миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти 2004 йилда ташкил этилган. Таълим муассасасининг асосий мақсади Ўзбекистоннинг табиий бойликларини ўрганиш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлашдан иборат. Янги GIS лабораторияси илмий, амалий, ўқув ва тадқиқот мақсадларида фойдаланилади. Институт вакиллари ФАОга ўз фаолиятида катта имкониятлар очаётган янги лаборатория яратилганлиги учун миннатдорчилик билдирдилар.
Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни комплекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш CACILM-2 лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.