Учрашувнинг 8-дақиқасида Умар Абдулраҳмон жарима зарбасини бехато бажариб, ҳисобни очди. 2 дақиқа ўтар-ўтмас Вадим Чемиртан ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. 15-дақиқада Лукас Кайо “Ал-Айн”ни яна олдинга олиб чиқди.
Биринчи бўлим якунида, аниқроғи 43-дақиқада Вадим Чемиртаннинг чап қанотдан узатган тўпини Достон Ҳамдамов рақиб дарвозасига аниқ йўллади – 2:2.
Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоада ҳисобни ошириш учун бир қатор вазиятлар вужудга келганди. 72-дақиқадан бошлаб “Бунёдкор” 1 киши кам бўлиб қолди. Акрам Комилов иккинчи марта ҳакам томонидан огоҳлантирилди ва майдонни тарк этди.
89-дақиқага келиб “Бунёдкор” дарвозаси томон пенальти белгиланди. Жарима нуқтасига келган Умар Абдулраҳмон мўлжалда адашмади – 2:3. Шу тариқа “қалдирғочлар” ОЧЛ мусобақасидаги қаторасига иккинчи мағлубиятини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси Матбуот хизмати хабар беради.