Бош прокуратура Ўзбекистонда қуёш панеллари ўрнатилишини назорат қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бош прокуратурага мамлакат бўйлаб қуёш панеллари ва сув иситгичларни ўрнатиш жараёни устидан назоратни таъминлаш вазифаси юклатилди. Бу ҳақда 7 февралда қабул қилинган президент фармонида қайд этилган.
Бош прокурор ўрин босари Шоҳрух Аминов қайта тикланувчи энергия манбалари асосида кичик қувватли ускуналарни жорий этиш режасининг ижроси, шунингдек, уларни ўрнатишда қонунчиликка риоя этилиши бўйича қатъий назоратни амалга оширади.
Энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудов Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 2025 йил учун қуёш панеллари ва сув иситгичларни ўрнатиш бўйича туман ва шаҳарлар кесимида батафсил дастурни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши керак.
Бундан ташқари, давлат идоралари 2025–2026 йилларда мамлакат ҳудудларида микро ГЭСлар қуриш бўйича дастурни ишлаб чиқади.
Энергия ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улушини ошириш мақсадида 4,5 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол электр станциялари (илк лойиҳада 3,5 ГВт кўзда тутилган), 785 МВт қувватда қуёш панеллари ва 225 МВт қувватли ГЭСлар (илк лойиҳада 160 МВт эди) барпо этилиши режалаштирилган.
Январ ойида «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили» давлат дастурини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда президент 100 мингта объект ва 150 мингта хонадонни 600 МВт қувватга эга қуёш панеллари билан таъминлашни буюрган эди. Бу топшириқнинг бажарилиши устидан назорат Бош прокуратура зиммасига юклатилган.
Январ ойи охирида Энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудов мамлакатдаги уй-жой ва хўжалик биноларининг камида ярмини қуёш панеллари ва сув иситгичлар билан жиҳозлаш режаси борлигини маълум қилган эди.