Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 21/12/2021 Бош мақсад- Ўзбекистон иқтисодий хавфсизлиги йўлида хизмат қилиш
Бош мақсад- Ўзбекистон иқтисодий хавфсизлиги йўлида хизмат қилиш

Тошкент шаҳри нафақат мамлакатнинг сиёсий жиҳатдан, балки, иқтисодиёт, саноат, хизмат кўрсатиш, фан, маданият, таълим ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича ҳам энг йирик маркази ҳисобланади. 

2200 йилдан ортиқ тарихга эга Тошкент шаҳрининг географик жойлашуви қулайлиги боис бу ҳудудда азалдан савдо, шу жумладан, божхона муносабатлари жадал ривожланиб келган ва ҳозир ҳам шаҳарда ташқи савдо юклари ва йўловчилар оқими жуда гавжум. 

Бугунги кунда шаҳарда йирик ишлаб чиқариш объектлари, муҳим логистика марказлари, минглаб корхона ва заводлар фаолият юритаётганини инобатга олсак, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фаолиятининг қамрови нақадар кенг, шунга яраша пойтахт божхоначилари зиммасига юкланган маъсулият ҳам улкан эканлиги аён бўлади.

Ҳозирда бошқарма тасарруфида 8 та божхона постлари фаолият юритади.

Мазкур постларнинг 6 таси - «Тошкент-товар», «Арқбулоқ», «Чуқурсой», «Сирғали», «Чет эл ваколатхоналари» ва «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари ҳамда 2 таси - «Чуқурсой техник идораси» ҳамда «Келес» темир йўл чегара божхона постларидир.

Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда иқтисодиётни янада либераллаштириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган туб ислоҳотлар пойтахтдаги ташқи савдо айланмасининг жадал ўсиб бораётганлигида ҳам ўз ифодасини топмоқда. 2021 йилга келиб, Тошкент шаҳрида ташқи савдо иштирокчилари сони 2016 йилга нисбатан 60 фоизга ўсиб, ҳозирда 12 мингдан ошди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан божхона соҳасида қулайликлар ва имтиёзлар тақдим этиш орқали пойтахтдаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг эркин ва равон фаолият юритишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги  «Ўзтрансгаз», «Технопарк», Тошкент қувур заводи, Тошкент металлургия заводи, «Ўзбектелеком», «Ўзэлектроаппарат», «Uztex», «Grand pharm trade», «Procab», «Techno export», «Techno continental», «Zelal tekstil», «Coca-cola» каби йирик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига сифатли ва тезкор божхона хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Қолаверса, сўнгги 5 йилда пойтахтда ташкил қилинган 7 та кичик саноат зоналарида ҳозирда фаолият юритаётган 500 дан ортиқ корхоналарга божхона имтиёзларини кенг татбиқ қилиш, хусусан, уларнинг четдан келтирилаётган хорижий технология, асбоб-ускуналари ва хом аёшни тезкорлик билан божхонада расмийлаштириш  фаолиятнинг энг долзарб йўналишига айланиб бормоқда.

Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органлари томонидан давлат бюджетига ундирилган божхона тўловларининг                         50 фоизидан ортиғи айнан Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ҳиссасига тўғри келмоқда.

«Тошкент-товар», «Арқбулоқ», «Чуқурсой», «Сирғали» ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида 2017-2021 йилларда  юк автотранспорти ва темир йўлда ташилган  қиймати 46,5 млрд. долларлик 66,7 млн. тонна юкларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви амалга оширилди. Бу учун сарфланаётган вақт эса соҳага татбиқ қилинган илғор ахборот тизимлари кўмагида ўртача 2 баробарга қисқарди.

Илгари товар ва транспорт воситалари ёппасига ялпи божхона кўригидан ўтказилган бўлса, ҳозирда мазкур постларда 75,6 фоиз юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.

Божхона иши серқирралиги билан ажралиб туради. Божхона ходимларининг халқаро аэропортларда, темир йўл ва авто ўтказиш пунктларида, дарё портида, йирик логистика марказларида кўришга одатланиб қолганмиз.

Аммо, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси таркибида яна бир ўзига хос ва республикамизда ягона бўлган «Чет эл ваколатхоналари» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ҳам бўлиб, мазкур пост Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган 600 дан ортиқ чет эл ваколатхоналари,  дипломатик мақомга эга бўлган элчихоналар ҳамда консуллик идораларига хизмат кўрсатади. 

Жумладан, мазкур ташкилотлар томонидан расмий фойдаланиши учун мўлжалланган товар ва транспорт воситалари шунингдек мамлакатимизнинг инвестицион муҳити, экспорт салоҳияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган турли халқаро кўргазма ва тадбирларда иштирок этиш мақсадида олиб келинаётган товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви амалга оширилади. Айниқса, турли миллат вакилларига мансуб хорижий шахсларнинг миллий анъана ва қажриятларини ифодаловчи буюмларини ҳам божхонада расмийлаштириш ўзига хос ва қизиқарли жараён ҳисобланади. 

Божхона пости Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси ҳудудида жойлашган.

 «Чет эл ваколатхоналари» постида хизмат олиб бориш божхона ходимларига ўзига хос маъсулият юклайди. Айнан уларнинг  божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини тезкорлик билан амалга оширишлари ва хушмуомаласи тимсолида чет эл дипломатик шахсларининг миллий божхонамиз ҳақида, пировардида эса бутун мамлакатимиз ҳақидаги тасаввурлари шаклланади.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тасарруфидаги ўзига хос божхона постларидан яна бири «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона постидир.

Почта хизмати муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, ҳар қандай ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик, фавқулодда вазиятларда ҳам бу хизматга бўлган талаб ва таклиф ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Шунингдек, замонавий дунёда товарларни уйдан ёки идорадан чиқмасдан туриб, онлайн равишда харид қилиш кўлами ортаётгани боис курьерлик жўнатмалари ҳаракати ҳам тобора ва шиддатли тарзда ўсиб бормоқда.

Республикамизда 2017 йилдан сўнг божхона соҳасида жорий қилинган кўплаб енгилликлар ва қулайликлар қаторида шахсий фойдаланиш учун почта ва курьерлик жўнатмалари орқали юбориладиган товарларнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган меъёрлари  янада такомиллаштирилди.

Натижада, биргина «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2021 йил давомида 2 млн. донага яқин ёки 5 минг тоннадан зиёд халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилди. Беш йил аввалги рақамлар билан солиштирилганда, жўнатмалар сони 1,8 баробарга, оғирлиги эса 1,5 баробарга ошган.

Бу эса мазкур божхона пости ходимларидан доимий равишда ўз устида ишлаш ва тизимга янги иннoвацион технологияларни жорий қилиш орқали Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларни божхона назоратидан ўтказиш самарадорлигини янада оширишни тақозо этади. 

«Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости 2018 йилдан эътиборан замонавий божхона терминалида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Шунингдек, божхона постининг «Халқаро почтамт» божхона пункти ҳам мавжуд. Постда божхона назорати жараёнлари автоматлаштирилган шаклда амалга оширилиб, кўрик жараёнларида замонавий сканер ва рентген қурилмаларидан кенг фойдаланилади. Жўнатмалар учун замонавий божхона омборлари ҳам бунёд этилган. 

Ҳозирда постда кунига ўртача 15-18 тонна ёки 7-8 минг дона  ҳалқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилмоқда. 

Коронавирус пандемияси юзага келтирган мураккаб вазият наркотик воситаларининг трансчегаравий айланмаси ва наркотрафикка ҳам ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатди. Дунё бўйлаб давлатлар томонидан чегаралараро ҳаракатланишда жорий қилинган чекловлар сабабли, наркотик воситаларни Интернет тармоғидаги яширин сегментлар орқали буюртма бериш ҳамда почта ва курьерлик жўнатмалари орқали юборишга уринишлар кўпая бошлади. 

Қолаверса, кундан кунга  янги турдаги психофаол синтетик ва ярим синтетик наркотикларнинг «ихтиро» қилинаётганлиги, уларни жўнатмаларда минерал ўғитлар, биологик фаол қўшимчалар каби бошқа ном остида юбориш ҳолатлари ҳам «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимларининг масъулияти ва зийраклигини янада оширади. 

Рақамларга кўра, 2017-2021 йиллар давомида жўнатмалар орқали             8,3 кг.дан зиёд наркотик, хусусан синтетик наркотик моддалар, 700 минг донага яқин психотроп моддаларни олиб киришга бўлган уринишлар фош қилинди.

Умуман олганда сўнгги 5 йил давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, контрабанда ва божхона қонунбузилишларига қарши кураш йўналишида 2017-2021 йиллар давомида 9,7 мингдан ортиқ ҳолатлар фош қилиниб, натижада 100 кг.га яқин гиёҳвандлик воситалари, 27,6 минг донага яқин психотроп моддалар, 3,9 мингдан зиёд қурол-яроқ ва ўқ-дориларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.

Келгусида ҳам қуйидагилар йўналишлар - контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши муросасиз курашиш;

- фискал вазифаларни ортиғи билан бажариш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри ундириш;

Бунда, илғор усулларни қўллаган ҳолда божхона назоратини олиб бориш.

- замонавий технологиялар ва махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда фаолият самарадорлигини ошириш;

- божхона процедураларини соддалаштириш, хавфни бошқариш механизмлари орқали ҳалол тадбиркорларга имтиёзли божхона расмийлаштирувини амалга ошириш;

- кадрлар салоҳиятини ошириш ва коррупцияга қарши муросасиз курашиш бошқарманинг асосий стратегик йўналишлари бўлиб қолади.

 

Толибжон САИДОВ,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг