Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 13/05/2019 Бобир Қиличев: меъморлар буюртмачилар каби фикр юритмаслиги лозим
Bobir Qilichev: me'morlar buyurtmachilar kabi fikr yuritmasligi lozim

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Бобир Қиличев: меъморлар буюртмачилар каби фикр юритмаслиги лозим

Ўзбекистон янги барпо этилаётган савдо мажмуалари ва уй-жойлари билан кўз ўнгимизда ўзгариб бормоқда. Меъмор, ARC меъморчилик бюроси асосчиси Бобир Қиличев замонавий ўзбек меъморчилигига нималар етишмаслиги ва ушбу ҳолатни қандай ўзгартириш мумкинлиги юзасидан фикр билдирди.

Сиз Ўзбекистондаги меъморчиликнинг жорий ҳолатини қандай баҳолайсиз?

Бизда 30 йил давомида эркин меъморчилик билан шуғулланилмаган. Айни пайтда қурилиш ишлари изчил олиб борилмоқда, тижорат буюртмалари юзага келди ва шу тариқа Ўзбекистонда кучли меъморлар етишмаслиги аниқланди. Ўтган йиллар давомида мутахассислар кетиб қола бошлади ёки буюртмачилар тобелигида ишлашга мослашиб борди. Бундай меъмор менежер каби фикр юритадилар: у раҳбариятга маъқул келадиган иш билан шуғуллана бошлайди. Ушбу тартибда 10 йил давомида ишлаб борган мутахассиснинг дунё қарашини ўзгаритирш мушкул. У оригинал фикрларни таклиф этмайди, иқтисодий равон ечимларни изламайди ва ҳатто баҳслашмайди ҳам.

Ушбу ҳолатни қандай тузатиш мумкин?

Айни пайтда мамлакатимизда хорижий бюролар жалб этилган ҳолда кучли меъморлар етишмаслиги масаласи ҳал этилмоқда. Хорижий мутахассисларни жалб этиш – яхши ҳолат, албатта. Бироқ, бунда маҳаллий кадрларни ҳам ривожлантириш керак.

Сиз ўзбек меъморчилиги қандай бўлишини хоҳлардингиз?

Ўзига хос бўлишини хоҳлар эдим. Эҳтимол, у мавжуддир, бироқ, кенг жамоатчилик бу ҳақда бехабар бўлиб қолмоқда. Тасаввур қилинг, Қашқадарёлик ёш меъмор лойдан оригинал дўкон барпо этди. Маҳаллий материаллардан саводли тарзда фойдаланиш – бу юксак маҳорат аломатидир! Афсуски, бу ҳақда фақат маҳаллий аҳоли хабардор бўлади.

Шунингдек, ижтимоий йўналишни ҳам ривожлантириб бориш лозим. Бутун жаҳонда айни пайтда шундай тренд кетмоқдаки, меъморчилик нафақат гўзаллик масаласи, балки муаммоли масалалар ечими ҳамдир. Масалан, Оға Хон нуфузли халқаро мукофотини олайлик. Жорий йилда унинг шорт-листида Индонезия қишлоқларидан бирида қуриладиган микрокутубхона лойиҳаси тақдим этилди. Бино деворлари музқаймоқ контейнерларидан ишланган. Шу тариқа, меъморлар кичик бюджетга эга бўлган ҳолда, мамлакатда саводхонликнинг паст даражаси масаласини ҳал этишга ҳаракат қилиб келмоқда. Биз ҳам меъморчилик ёрдамида бу каби қийинчиликларни енгиб ўтишимиз мумкин.

Янги ғояларга эга истеъдодли меъморларни топиш учун нималарни амалга ошириш керак?

Буни амалга ошириш учун бутун жаҳонда танловлар ва мукофотлар институтидан фойдаланиб келинмоқда. Уни Ўзбекистонда ҳам ривожлантириш керак. Биз мамлакатимизнинг олис туманларида моҳир меъмор яшаётганлигини қандай билиб олишимиз мумкин? У ўз ишини танловга юборсагина, биз ундан бохабар бўлишимиз мумкин.

Жорий йилда Ўзбекистонда умумий мукофот фонди 119 млн. сўмни ташкил этган Me’mor //2019 интерер дизайнерлари ва меъморлар учун мустақил кўрик-танлов биринчи марта бўлиб ўтади.  Тадбир КНАУФ компанияси томонидан « ADP » архитекторлар ва дизайнерлар уюшмаси билан ҳамкорликда, Ўзбекистон меъморлари уюшмаси иттифоқи ёрдамида ташкил этилмоқда. Мен лойиҳанинг хамкураториман.

Me’mor //2019 ҳайъат таркиби қандай шакллантирилди?

Биз мутлақ холисликни таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъатига фақат хорижий ҳамкасбларимизни таклиф этдик. Улар атоқли амалиётчилар, шахсий бюролар эгалари, Россия, Грузия, Украина ва Испаниядаги архитекторлар иттифоқи аъзоларидир. Улар тақдим этилган ишларни ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда баҳолайдилар. Ҳайъат аъзолари ўз навбатида биз каби вақт синовларига тўқнашган. Масалан, Олег Дроздов Киевнинг тарихий қисмида кўп шов-шувларга сабаб бўлган авангард театри лойиҳасига эга бўлган. Ғоят замонавий тарзда барпо этилган бино салбий муносабатларга сабаб бўлди. Одамлар ижтимоий тармоқларда «Пойтахтга Андреевский қиялиги ансамбли кўринишини бузадиган қора тобут ва саркофагнинг нима кераги бор?», деб фикр билдирган. Кўриб турганингиздек, тарих ва замонавийликни узвий бирлаштириш қанчалик қийин.

Me’mor //2019 ёш иштирокчиларга қандай ёрдам беради?

Мукофот бу борада дастлабки турткига сабаб бўлади – ишни ҳамма кўриши учун олиб чиқади, кейин эса бозор механизмлари амал қила бошлайди. Мутасадди халқаро ҳакамлар ҳайъати меъмор кучли эканлиги ҳақида эълон қилганидан сўнг, маҳаллий тадбиркорлар, албатта, истеъдодли инсонга ўз эътиборини қаратади ва у билан ҳамкорлик қилиш истагини билдиради. Бора-бора ўзбек мутахассислари бошқа давлатлар бозорларини ўзлаштириш имкониятига эга бўладилар. Me’mor //2019 га ҳатто чет элда ишловчи ватандошларимиз учун ҳам махсус номинация қўшилди. Бу – нуфуз масаласидир. Москвада ўзбек ресторани очилса, биз бундан фахрланамиз. Ўзбек боксчиси рақибини мағлубиятга учратса, биз бундан фахрланамиз. Меъморчиликда ҳам худди шундай бўлиши лозим.

Me’mor //2019 интерьер дизайнерлари ва меъморлар очиқ кўрик-танловида иштирок этиш учун талабномани 2019 йилнинг 20 майига қадар memorawards.uz сайтида қолдириш мумкин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг