Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Ўзбекистон 13/09/2016 Бўшлиққа йўл қўйиб бўлмайди
Бўшлиққа йўл қўйиб бўлмайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўтган 25 йил давомида эришилган ютуқлар ҳақида гапирганда, албатта мамлакатимиз фуқароларининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилганлигига тўхталмаслик мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган “Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги” принципи аҳолининг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Пировардида, юртимизда фермерлик, тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандлик ривожланди. Халқимизнинг улкан яратувчилик куч-қудрати, мислсиз бунёдкорлик салоҳияти тикланди. Одамларнинг яшаш шароити тубдан яхшиланди.

Мустақиллик даврида мамлакатимиз иқтисодиёти 6 баробар ўсганлигини, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда муттасил 8 фоизни ташкил этаётганлигини, аҳолининг реал ялпи даромадлари жон бошига 9 баробардан ошганлигини бугун ким инкор эта олади.

Ҳа, Ўзбекистон чорак аср ичида иқтисодиёти мустаҳкам ва барқарор мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллади. Саноати ривожланди. Турли русумли автомобиллар ишлаб чиқарувчи давлатлар сафига қўшилди. Пировардида, автомобилсозлик ва уларга бутловчи қисмлар тайёрлайдиган янги соҳалар, нефть ва газни қайта ишлайдиган, фармацевтика маҳсулотлари, замонавий телевизор ва компьютерлар, мобил телефонлари ва бошқа турли товарлар ишлаб чиқарадиган ва экспорт қиладиган янги саноат тармоқлари вужудга келди.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар умумий харажатларнинг қарийб 60 фоизини ташкил этаётганлиги мамлакат аҳолисининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва узлуксиз таълим олиш каби конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун хизмат қилмоқда.

Бу ишларга холис кўз билан қараб, аҳолининг соғлиғини сақлаш, малакали ва замонавий тиббий хизмат турларини кенгайтириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, бажарилган ишлар кўлами нақадар катта эканлигини, унинг туб моҳиятини бундан йигирма беш йил олдинги тиббий хизмат билан солиштирганимиздагина, чуқурроқ англаб оламиз. Бугунги тиббий муассасалар, улардаги асбоб-ускуналар, лаборатория ва диагностика марказлари, малакали ва сифатли хизмат ҳеч кимдан кам эмаслигимизни яна бир карра исботидир.

Айниқса, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кенг кўламли ислоҳотларнинг бош ўзанига айланди ва бу борадаги ютуқлар нафақат бизни, хорижий мамлакатлар жамоатчилигини ҳам лол қолдирмоқда. Таъкидлаш жоизки, 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умуммажбурий бепул таълим тизими жорий этилганлиги, фарзандларимиз ҳар жиҳатдан олий ўқув юртларидан қолишмайдиган замонавий касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари биноларида таҳсил олаётганлиги, хорижнинг энг илғор олий ўқув юртларидан кам бўлмаган олий таълим муассасалари фаолият кўрсатаётганлиги, мамлакатимиз аҳолисининг саводхонлик даражаси 99,34 фоиздан ошганлиги дунёдаги энг юқори кўрсатгичлардан биридир.

Бугун мана шундай ютуқларимизни нафақат сақлаб қолишимиз, уларни узвийлигини, изчиллигини таъминлашимиз, бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан кўпроқ меҳнат қилиб, муҳтарам Юртбошимиз бошлаб берган кенг кўламли ислоҳотларни ҳамжиҳатлик билан давом эттиришимиз жоиз. Шу нуқтаи назардан яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қабул қилинган қарор жуда тўғри ва ўз вақтида қабул қилинган қарор деб таъкидлашни истардим.

Чунончи, парламентимизнинг қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этилган ҳолда қабул қилинган ҳамда аҳамияти жиҳатдан қонун даражасига тенг бўлган қўшма қарори Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайлангунга қадар бирон-бир соҳада, шу жумладан иқтисодий ва ижтимоий соҳада бўшлиқ пайдо бўлмаслиги учун жуда ҳам муҳим тарихий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Абдукамол РАХМОНОВ,
ҳуқуқшунос
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг