Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 13/06/2024 БМТТД маҳаллий мутахассисларни лойиҳалашда энергия тежамкор усулларни қўллашга ўргатади
БМТТД маҳаллий мутахассисларни лойиҳалашда энергия тежамкор усулларни қўллашга ўргатади

Аҳолини энергия тежамкорлиги бўйича таълим билан таъминлаш ҳозирги даврнинг ниҳоятда муҳим ва долзарб вазифасидир.

Ўзбекистонда энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш жараёни БМТТД ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган, Глобал Экологик Жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳасини амалга ошириш натижасида жадал ривожланмоқда. Шунингдек, лойиҳа ушбу соҳадаги тегишли мутахассисларнинг хабардорлигини оширишга ёрдам беради.

2024 йил апрель-июнь ойларида лойиҳа доирасида архитектор-лойиҳачилар, шунингдек, ушбу соҳа профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида тренинглар ўтказилди. Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий тадқиқот институти кўмагида ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги яна бир лойиҳаси – “Қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш” билан ҳамкорликда ташкил этилди.

БМТТД экспертлари иштирокчиларга пассив иситиш ва совутиш тизимларига эга биноларни лойиҳалашнинг афзалликларини тақдим этдилар, улардан фойдаланиш атмосферага зарарли иссиқхона газлари чиқиндиларини анча камайтиради. Бир кунлик ўқув семинарлари давомида иштирокчилар бино инсоляциясини ҳисоблайдиган онлайн ва оффлайн дастурий таъминотлар билан танишдилар. Тренингларда, шунингдек, лойиҳалаш ва қурилиш жараёнларининг сифатини ошириш ва шаффофлигини таъминлашда BIM (Building Information Modeling – Бинони Маълумотли Моделлаштириш) технологияларининг ўрни алоҳида таъкидланди.

БМТТД/GEF лойиҳасининг яна бир муҳим фаолияти – энергия тежамкор қурилиш материаллари ва технологияларини сотиб олиш учун ажратилган яшил инвестицияларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизми тақдим этилди. Тадбирларда жами 250 га яқин мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, БМТТД/GEF лойиҳаси 2017 йилдан буён амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг муҳим ютуғи 24 турдаги энергия тежайдиган уйларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўлди. Лойиҳа, шунингдек, бинолар учун энергия самарадорлиги бўйича янада қатъий талабларни жорий этиш учун бир қатор қурилиш меъёрларини қайта кўриб чиқди. Бу бутун республика бўйлаб энергия тежамкор ва кам углеродли уй-жойларни оммавий қурилишига туртки бўлди. Бундан ташқари, лойиҳа 1358 та энергия тежамкор ва кам углеродли уйлар ва кўп қаватли тарағжой биноларини қуришда молиявий ва техник ёрдам кўрсатган. 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг