Валюта курслари 07/11/2024
$1 – 12786.98
UZS – 0.09%
€1 – 13753.68
UZS – -1.16%
₽1 – 130.27
UZS – 0.1%
Қидириш
Ўзбекистон 31/07/2024 БМТнинг маҳкум аёллар билан муомала қилиш қоидалари бўйича тренинг бўлиб ўтмоқда
БМТнинг маҳкум аёллар билан муомала қилиш қоидалари бўйича тренинг бўлиб ўтмоқда

29-31 июль кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистондаги ёпиқ муассасалар ва қамоқхоналарда қийноқлар, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазоларнинг олдини олишда гендерга асосланган ёндашувлардан фойдаланиш бўйича уч кунлик ўқув тренинги ўтказилмоқда. Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ҳамкорлигида ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмагида ташкил этилди.

Бангкок қоидалари, яъни расман «БМТнинг Маҳбус аёллар учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чораларини қўллашга тааллуқли қоидалари» деб номланган халқаро-ҳуқуқий ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2010 йилда қабул қилинган. Ушбу қоидалар жиноий одил судловга гендер жиҳатидан нозик ёндашувни ва маҳкума аёлларнинг ўзига хос эҳтиёжлари ва ҳуқуқлари ҳисобга олинишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Иштирокчилар Бангкок қоидаларининг асосий талабларини чуқур ўрганиб, ушбу қоидаларни амалда самарали қўллаш бўйича кўникма ва билимларини оширмоқда. Шу билан бирга, маҳкума аёллар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш бўйича илғор тажриба ва усуллар муҳокама қилинмоқда. Умуман олганда, уч кунлик ўқув машғулотлари давомида тингловчиларнинг қамоқхоналардаги хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эҳтиёжлари борасидаги хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Тренингда Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари жазони ижро этиш тизимининг 28 нафари ходими иштирок этмоқда. Шунингдек, машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг Сирдарё вилояти Хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази вакиллари қатнашмоқда.

Тингловчилар Бангкок қоидалари асосида ўз назарий билимларини оширди. Айни вақтда вояга етмаганлар ва аёлларни қамоқда сақлаш бўйича халқаро тажрибага оид амалий кўникмаларни эгалламоқдалар.

Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очиб берар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим жиҳатлари ҳақида мухтасар маълумот берди. Хусусан, юртимиз ҳаётининг барча соҳаларига тааллуқли қамровдор янгиланишлар нафақат қийноқ ҳолатларига бутунлай барҳам бериш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига, балки ўзининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларига қатъий содиқ бўлган Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга ҳам хизмат қилиши таъкидланди. 

А.Саидов ўз тақдимотида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши ҳамда ушбу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича яратилган қонунчилик, институционал, таълим ва мониторинг асослари, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан ўрнатилган назорат тизимининг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида гапирди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва минтақавий механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган ислоҳотларнинг тизимлилиги ва изчиллиги, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорлик борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди.

Тренинг очилишида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офисининг лойиҳалар бўйича катта ходими Эндрю Юрковский, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти подполковниги Бурхонхўжа Акромов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова ҳам иштирок этди.

Болалар Омбудсмани Сурайё Раҳмонова Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ёпиқ муассасаларда ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир фаолияти тўғрисида маълумот берди. Ўз навбатида, «Барқарор Ҳаёт» маркази директори Олия Илмуродова жазони ижро этиш муассасаларида реабилитация дастурларини амалга оширишда фуқаролик жамиятининг ўрни, жазони ўтаган шахсларни озодликка чиққанларидан кейинги даврда қўллаб-қувватлаш масалалари хусусида сўз юритди.

Машғулотлар давомида иштирокчилар озодликдан маҳрум қилиш жойларида саломатлик ва гигиенага бўлган ҳуқуқларни таъминлаш, қамоқхона ходимларининг гендерга хос ёндашувларни тарғиб қилишдаги ўрни, шунингдек, алоҳида тоифадаги аёллар ва қизларни ўрганиш, жазони ўтаган хотин-қизларни реабилитация қилиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Тренинг ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Мувофиқлаштирувчиси эълон қилган «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Уч кунлик тренинг якунида тингловчиларга тегишли сертификатлар топширилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг