Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 23/04/2019 Биринчи чоракда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 64,9 трлн сўмга етди
Birinchi chorakda O'zbekiston aholisining umumiy daromadlari 64,9 trln so'mga yetdi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - Биринчи чоракда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга ўсиб, 64,9 трлн сўмни ташкил этди. Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 1,948 млн сўм, аҳоли жон бошига реал умумий даромадлар эса 1,719 млн сўмни ташкил этди.

Умумий даромад доимий тушиб турадиган пул ва натурал кўринишдаги даромадларни ўз ичига олади. Реал даромад эса чакана нархлар ва тарифлар ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда реал харид қилиш қобилиятини англатади.

Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича Тошкент шаҳрида (4,7 млн сўм) ҳамда Навоий (2,9 млн сўм), Бухоро (2,2 млн сўм) ва Тошкент (2,1 млн сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилгани кузатилди. Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг қуйи кўрсаткичлари эса Наманган ва Фарғона вилоятларида — 1,4 млн сўм ҳамда Сурхондарё вилоятида — 1,5 млн қайд этилди.

Аҳоли умумий даромадининг 66 фоизи меҳнат фаолиятидан, 26,1 фоизи эса трансфертлардан иборат бўлди. Шунингдек, мол-мулкдан олинган даромадлар 5,3 фоизни ташкил этди.

Трансфертлардан олинган даромадлар тузилмасида ижтимоий тўловлар (пенсия, нафақа, стипендия, дотация ва бошқалар) 47,3 фоиз, бошқалар эса (чет эллардан пул ўтказмалари ва бошқалар) 52,7 фоизни ташкил этди.

Пенсия, нафақа ва стипендиялар ҳажмининг ўзгариши аҳоли умумий даромадининг 3,5 фоизга ўсишини таъминлади. Чет элдан пул ўтказмаларининг аҳоли умумий даромадидаги улуши 13,7 фоизга ошди.

Манба: Давлат статистика қўмитаси расмий сайти.  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг