Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Молия 24/04/2012 Биринчи чорак якунлари кўриб чиқилди
Биринчи чорак якунлари кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Республика Марказий банкида банк тизимининг 2012 йилнинг I чорагидаги фаолияти якунлари ҳамда мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 19 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2012 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларининг ижроси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 20 апрелдаги йиғилишида банк тизими олдига қўйилган вазифаларнинг муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.Муллажонов бошқарди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати 2012 йил учун мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг банк тизимини янада ислоҳ қилиш, барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишга қаратилган фармон ва қарорлари, шунингдек 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилди.

2012 йилнинг I чорагида мамлакатимиз банк тизимининг ликвидлигини янада мустаҳкамлаш, унинг барқарорлигини кучайтириш борасида катта ишлар амалга оширилди.

Натижада, тижорат банкларининг жами капитали 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 24,4 фоиз ошиб, 2012 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра 5 трлн. 632 млрд. сўмга етди.

Банкларнинг капиталлашуви даражасини янада ошириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида банк тизими капиталининг етарлилик даражаси коэффиценти халқаро қабул қилинган стандартга нисбатан анча юқори бўлиши таъминланди.

Банк активлари 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоиз ўсиб, 29 трлн. 540 млрд. сўмдан ошиб кетди.

Юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришиш борасида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида "Fitch Ratings”, “Мoody's” ва “Standard & Poor's” каби етакчи халқаро рейтинг агентликларининг “барқарор” рейтинг баҳоларини олган тижорат банкларининг сони 23 тага етди.

Ҳисобот даврида банклар томонидан 2012 йил учун устувор вазифа қилиб белгиланган мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожланишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 2012 йилнинг I чорагида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 32 фоиз кўпайиб, бугунги кунда уларнинг миқдори 17 трлн. 102 млрд. сўмга етди.

Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган инвестицион кредитлари миқдори ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар ошиб, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра уларнинг миқдори 1 трлн. 427 млрд. сўмдан ошиб кетди.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида кичик бизнес субектларига ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробар ошиб, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра 1 трлн. 185 млрд. сўмни ташкил этди.

Жумладан, микрокредитлар ҳажми 238 млрд. сўмни ташкил қилиб, бу кўрсаткич ҳам 2011 йилнинг I чорагига нисбатан 1,5 баробар кўпайди.

Тижорат банкларининг капиталлашув даражасини янада ошириш, ушбу соҳага хусусий капитални кенг жалб қилиш, ресурс базасини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида банкларнинг жами депозитлари миқдори йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,5 фоиз ўсиб, бугунги кунда уларнинг миқдори 18 трлн. 863 млрд. сўмдан ошди.

Аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш пул маблағларини кредит ташкилотларининг депозитларига жалб қилишни рағбатлантириш чоралари кўрилаётгани, қулай омонат турлари таклиф этилаётгани, уларнинг банклардаги жамғармалари қонун билан кафолатлангани ва ўз вақтида қайтарилаётгани омонатлар миқдорининг 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 30,1 фоиз ошиб, ҳозирга кунда 6 трлн. 264 млрд. сўмга етишига пухта замин яратди. Бу фуқароларимизнинг банк тизимига бўлган юксак ишончидан далолат беради.

Шу билан бирга, мажлисда банклар томонидан мижозларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш ва мижозлар ишончини янада ошириш борасидаги мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётган айрим тижорат банклари фаолияти танқид қилинди.

Мажлисда 2012 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар:

Хусусан, банкларнинг капиталлашув даражасини янада ошириш, аҳоли ва чет эллик инвесторларнинг банк тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, иқтисодиётдаги узоқ муддатли кредит қўйилмалари улушини янада ошириш, етакчи халқаро рейтинг компаниялари томонидан қабул қилинган халқаро меъёрлар, мезонлар ва стандартларга асосланган ҳолда банк тизимини баҳолаш кўрсаткичларининг замонавий тизимини жорий этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, мажлисда барча тижорат банклари раҳбарлари зиммасига “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида белгиланган, кичик бизнесни ривожлантириш учун янада қулай ишчан муҳитни яратиш, биринчи навбатда, инвестиция мақсадлари учун ажратилаётган кредитлар ҳажмини ошириш, бошланғич капитални шакллантириш, микрокредитлар кўламини кенгайтириш борасидаги ишларни фаол давом эттириш вазифалари ҳам юклатилди.

Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг