Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2009 йилда туғилган болалардан иборат «Бинокор» ёшлар жамоаси Қирғизистонда ташкил этилган халқаро мусобақада иштирок этмоқда. Мазкур мусобақани ёш хоккейчиларимиз «Рига» жамоаси вакиллари устидан қозонилган ғалаба (2:1) билан бошлашди. Шундан сўнг Алишер Азимов шогирдлари Россиянинг «СКА-Стрельна 2017» (5:2), Чехиянинг «Шутер Йиндржихув» (4:3) клубларини мағлуб этиб, мусобақанинг ярим финал босқичига йўл олишди.
Финал остонасида ёш «Бинокорчилар» АҚШнинг «USA Select» клубидан устун келиб (2:1), финал йўлланмасига эга чиқишди. Ҳал қилувчи баҳсда эса ҳамюртларимизга Бишкекнинг «БЎСМ-1» жамоаси рақиблик қилади. Ушбу беллашув эртага бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, «Бинокор» раҳбарлари Санкт-Петербургнинг «СКА-Стрельна 2017» хоккей клуби билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, ўртоқлик ўйинлари ва йиғинлар ташкил этиш бўйича келишувга ҳам эришганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси эртага бўлиб ўтадиган финал беллашувида ёш хоккейчиларимизга омад тилаб қолади.
Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.