Валюта курслари 11/07/2025
$1 – 12634.34
UZS – -0.15%
€1 – 14821.34
UZS – -0.01%
₽1 – 162.37
UZS – 0.3%
Қидириш
Ўзбекистон 12/07/2025 БИМТ ва Ўзбекистон ўртасида IP арбитраж ва воситачилик соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

БИМТ ва Ўзбекистон ўртасида IP арбитраж ва воситачилик соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон Интеллектуал Мулк Ташкилоти (БИМТ) аъзо давлатлар Бош ассамблеясининг 66-сессияси доирасида адлия вазири А. Ташкулов ва БИМТ Бош директори жаноб Д. Танг ўртасида икки томонлама учрашув ўтказилди.

Учрашувда жаноб Д. Тангнинг май ойида Ўзбекистонга амалга оширилган расмий ташрифи давомида эришилган ҳамкорлик ташаббуслари муҳокама қилинди. Жумладан, 2027 – 2030 йилларга мўлжалланган янги Миллий интеллектуал мулк стратегиясини ишлаб чиқиш, истиқболли географик кўрсаткичларни аниқлаш, уларни халқаро рўйхатдан ўтказиш ва тарғиб қилиш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь – октябрь ойларида “Тадбиркор аёлларни ўқитиш, мураббийлик қилиш ва ҳамкорларни танлаш” дастури лойиҳасининг якунловчи босқичини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу муҳим тадбирни Тошкент ёки Самарқанд шаҳарларида ташкил этиш таклиф этилди.

2024 йил 3 сентябрдан 2025 йил 31 январгача давом этган БИМТнинг “Тадбиркор аёлларни ўқитиш, мураббийлик қилиш ва ҳамкорларни танлаш” онлайн дастурида ўзбекистонлик тадбиркор аёлларнинг иштироки таъминланди.

Шу билан бирга, адлия вазири БИМТ бош директорига барча ҳамкорлик йўналишларида кўрсатилаётган доимий кўмак учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистоннинг географик кўрсаткичларини кенг тарғиб қилиш мақсадида 2026 йилда бўлиб ўтадиган Бош ассамблея йиғилиши доирасида БИМТ биносида махсус кўргазма ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Учрашув доирасида муҳим ҳужжат – БИМТнинг Арбитраж ва Медиация маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Мазкур меморандум интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни халқаро стандартлар асосида, муқобил низоларни ҳал этиш воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳал этишга, шунингдек, маҳаллий медиаторларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган.

Учрашув БИМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим қадам бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг