Умумий мажлис ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Сўнгги йилларда Фанлар академияси олимлари бир қатор ютуқларни қўлга киритдилар. Табиий фанларнинг асосий соҳалари – астрономия, физика, математика, кимё, биология, фармацевтика, геология, сейсмология ва бошқа жабҳаларда жаҳон миқёсида тан олинган натижаларга эришилди.
Ижтимоий-гуманитар фанлар – тарих, археология, шарқшунослик, тилшунослик, адабиётшунослик, санъатшунослик ва бошқа соҳаларда ҳам олимлар томонидан салмоқли натижалар қўлга киритилди.
Иқтисодиётнинг минерал-хомашё ресурсларини чиқиндисиз ва самарали қайта ишлаш, қуёш энергетикаси ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кимё ва биотехнология, қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси ва селекцияси, экология, фармацевтика, тиббий диагностика каби ҳаётий муҳим тармоқларида маҳаллий инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Юртимизнинг йирик кимё ва нефть-кимё корхоналарида ишлаб чиқариш маҳаллий инновацион технологиялар асосида ташкил этилди. Натижада 2006-2015-йиллар мобайнида импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлди (ўғит, дефолиантлар, ўсиш стимуляторлари, юқори сифатли авиация ёқилғиси ва бошқалар).
Бир қатор радиоизотоплар технологияси яратилди ва уларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўзбекистондаги даволаш муассасалари ушбу дори воситалари билан таъминланди ва уларни экспорт қилишга ҳам эришилди.
Дунёда биринчи бўлиб ген-нокаут технологияси ёрдамида пахтанинг бир қатор фойдали хусусиятларга эга бўлган ноёб трансген нави (“Порлоқ” серияси) яратилгани республикамиз пахтачилигидаги энг йирик илмий ютуқ бўлди.
Селекционер олимлар мамлакатимизнинг турли иқлим ҳудудларида ғўзанинг 20 та янги маҳаллий навларини раёнлаштиришга эришдилар.
30 дан ортиқ номдаги янги маҳаллий дори воситалари яратилди ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этилди. Улар ҳозирги кунда ички эҳтиёж учун истеъмолга чиқарилмоқда, айримлари эса хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Фундаментал тадқиқотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатнинг муҳим вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди. Ҳозирги пайтда Фанлар академияси ва илм-фан тармоқларини ривожлантиришга қаратилган концепция ишлаб чиқилмоқда.
Илмий муассасалар, олий ўқув юртлари ва корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Асосий вазифа нафақат илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этишга қаратилган самарали механизмларни яратишдан иборат.
Фанлар академиясининг академиклари ва республикамизнинг етук олимлари асосий куч сифатида майдонга чиқишди, Фанлар академиясига, шунингдек, унинг раҳбари – академия президентига алоҳида масъулият юкланмоқдаки, бу ундан катта шижоат, ишчанлик ва ҳозирги глобаллашув шароитида жаҳон андозалари асосида илмий-ташкилий фаолият олиб боришни талаб этади.
Сўзга чиққан академиклар М.С.Салоҳиддинов, С.Ш.Рашидова, Р.А.Зоҳидов, Б.М.Беглов, Б.А.Назаров, А.А.Асқаров, Н.Р.Юсупбеков, А.А.Абдуллаэв, профессор Ш.А.Эгамбердиэв Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати томонидан мамлакатимиз илм-фани ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш баробарида академик фан олдида турган бир қатор долзарб масалаларни белгилаб олишди. Шунингдек, улар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентлигига сайлаш учун академик Б.С.Юлдошевнинг номзодини қўллаб-қувватлашди.
Академик Юлдошев Беҳзод Содиқович навбатдаги муддатга Фанлар академиясининг президенти этиб сайланди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга мурожаат қабул қилинди.