Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 14/04/2012 “BankExpo-2012”: банк тизими салоҳияти тақдим этилди
“BankExpo-2012”: банк тизими салоҳияти тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ахборот технологиялари ассоциацияси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилган "BankExpo-2012” йиллик миллий кўргазмаси ниҳоясига етди.

Кўргазма меҳмонларида банклар томонидан жорий “Мустаҳкам оила йили”да таклиф этилаётган янги хизматлар, жумладан янги омонат турлари ва кредит маҳсулотлари алоҳида қизиқиш уйғотди ва улар бўйича батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Шу билан бирга, “Мижозларга, шу жумладан жисмоний шахсларга ўз ҳисобрақамларини масофадан туриб бошқариш имкониятлари орқали хизмат кўрсатишга янгича ёндашувлар”, “Фронт-офис: банкда чакана кредитлашни ташкил этишнинг самарали воситаси”, “Хорижий кредит линиялари орқали лойиҳаларни молиялаштириш”, “Банк сектори учун алоқа маркази” каби мавзуларда семинар ва тақдимотлар уюштирилди.

Ҳукуматнинг таълим муассасалари, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан бандлигини таъминлаш бўйича белгилаб берилган вазифаларидан келиб чиқиб, кўргазма давомида таълим муассасалари битирувчилари учун алоҳида семинар ташкил этилди. Ёшлар иштирокида ташкил этилган анжуманда уларнинг ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошириши учун яратилган имкониятлар, банк хизматларидан, жумладан микрокредитлардан фойдаланиш тартиблари, имтиёзлар хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Кўргазма ниҳоясида мамлакатимизда тадбиркорликни молиявий-қувватлаш, микромолиявий хизматларни кенгайтириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, таълим муассасалари битирувчиларининг тадбиркорлик лойиҳаларини, шунингдек инновацион лойиҳаларни молиялаштиришда алоҳида ўрнак кўрсатган ва етакчи халқаро рейтинг агентларининг юқори рейтинг баҳоларига мунтазам эришиб келаётган банклар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Унга кўра қуйидаги банклар:

“Асакабанк” - “Тадбиркорларнинг энг яхши ҳамкори ва ишончли таянчи”;

Халқ банки - “Энг яхши микрокредитлаш хизмати”;

“Микрокредитбанк” - “Таълим муассасалари битирувчиларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”;

“Агробанк” - “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”;

“Ипотека-банк” - “Кичик бизнес субъектларининг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”;

ТИФ Миллий банки - “Етакчи халқаро рейтинг агентларининг юқори рейтинг баҳоларига эришаётган энг яхши банк”;

“Қишлоқ қурилиш банк” - “Қишлоқ фаровонлигига қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун”;

Халқ банки - “Оилалар фаровонлигига ҳисса қўшаётган энг яхши банк”;

«Ўзсаноатқурилишбанк» - “Энг яхши инновацион хизмат” номинациялари бўйича ғолиб топилди.

Шу билан бирга, Интернет сўровлари ва кўргазмада иштирок этган банклар ўртасида ўтказилган танловлар натижалари бўйича ғолиблар аниқланди.

Унга кўра:

Халқ банки - “Энг яхши ахборот билан таъминланган стенд”;

“Алоқабанк” - “Энг яхши реклама компанияси”;

“Туронбанк” - “Энг яхши стенд персонали хизмати”;

"Ориент Финанс Банк" - Интернет сўровлари якунига кўра энг яхши банк деб топилди.

Бундан ташқари, “Лизинг хизматлари ривожланишга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун” - Uzbek Leasing International компаниясига эсдалик совға топширилди.

Кўргазмада иштирок этган Савдо-саноат палатаси, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, банклар, суғурта компаниялари, молия институтлари, ахборот-технологиялари компаниялари ва бошқа иштирокчилар алоҳида дипломлар билан тақдирланди.

Кўргазманинг ёпилиш маросимида сўз чиққанлар, “BankExpo” йиллик миллий кўргазмасига ташриф буюраётганлар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, кўргазма тижорат банкларининг ўз салоҳиятини намойиш этишда ўзига хос бир майдон бўлаётгани ва аҳолининг банк хизматларидан хабардорлик даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар.

Бу сира ташкил этилаётган тадбирлар “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун”, “Банклар тадбиркорларнинг ҳамкори ва ишончли таянчи”, “Тадбиркорлик - мустаҳкам оила пойдевори” шиори остида фаолият олиб бораётган банк тизимининг мамлакатимиз тараққиётидаги алоҳида ўрнини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг