Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Молия 17/11/2023 Банк назорати қўмитасининг октябрь ойида 9 та йиғилиши ўтказилди ва ўттиздан зиёд масала кўрилди
Банк назорати қўмитасининг октябрь ойида 9 та йиғилиши ўтказилди ва ўттиздан зиёд масала кўрилди

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитасида 2023 йилнинг октябрь ойида тўлов ташкилотлари ва банклар фаолиятининг қонунчилик талабларига мослиги, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларга ҳамда пруденциал меъёрларга риоя этилиши, шунингдек, уларда ўтказилган текширув натижаларида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар муҳокама қилинди.

Ўтган ойда Қўмитанинг 9 та йиғилиши ўтказилди ва уларда 31 та масала кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 19 та, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, нобанк кредит ташкилотларига лицензия бериш, рўйхатга олиш ва лицензияларни чақириб олиш, аудиторга малака сертификатини бериш ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш каби масалалар ўрин олди.

Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатини кўриб чиқиш бўйича 12 та масала муҳокама қилинди. Хусусан, банклар ва тўлов ташкилотларининг устав фондининг (устав капитали) ҳажмига қўйилган талабнинг бажарилиши, Марказий банкнинг пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижаларига доир масалалар таҳлил этилди.

Хусусан, Марказий банк кўрсатмаларига амал қилмаганлиги ва юклатилган вазифалар ижросини таъминламаганлиги сабабли 1 та тижорат банкига айрим операцияларни амалга оширишга чеклов ўрнатилди, 1 та тўлов ташкилотининг лицензиясини амал қилиш муддати 10 иш кунига тўхтатилди ҳамда 5 та тижорат банки ва 1 та микромолия ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликлар учун чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилиб, тижорат банкларининг жойлардаги филиалларида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган қоидабузарликлар бўйича 16 та банкка нисбатан жарима чораси қўлланилди.

Бундан ташқари, Қўмита қарорлари билан тижорат банклари бошқарувлари зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни яратиш, шунингдек, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф қилиш ва молиявий ҳолатни соғломлаштириш билан боғлиқ талабларга риоя этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг