Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари эконометрик ёндашув асосида миллий қадриятларимиздан бири бўлган бағрикенглик ва иқтисодий фаровонлик ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилди.
Халқимиз ўз тарихи мобайнида бағрикенгликнинг энг яхши намуналарини кўрсатиб келган ва маърифатга асосланувчи ушбу олий қадрият халқимиз турмуш тарзининг ажралмас бир қисмига айланган.
Шу ўринда бағрикенгликнинг иқтисодий тараққиётга таъсирини ҳам унутмаслик лозим. Дунё олимлари олиб борган тадқиқотлар бағрикенглик инновацион, технологик ва иқтисодий ривожланишни тезлаштиришини кўрсатди. Бундан ташқари, бағрикенглик инсон капитали орқали иқтисодий ривожланишга ижобий таъсир қилади.
Диний бағрикенглик таъминланган давлатлар турли ҳудудлардан келган муҳожирларни ўзига жалб қилади ва бу маълум бир иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида рақобатбардош ишчи кучининг шаклланишига олиб келади. Натижада, бағрикенглик янгилик, ижодкорлик ва ишчи кучи бозоридаги хилма-хилликка имкон бериб, жамиятдаги ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширади.
Бағрикенглик жамиятда ҳамжиҳатликка ёрдам беради, келишмовчиликларни камайтиради ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаган ҳолда барқарорликни таъминлаб, иқтисодий ўсишга олиб келади.
Методология. Ушбу тадқиқотда турли мамлакатлардаги этно-лингвистик хилма-хиллик индекслари ҳамда Жаҳон банки маълумотлар базасидан фойдаланилди. Тадқиқот 93 та ривожланаётган ва ривожланган мамлакатнинг 2004-2013 йиллардаги ҳаётига оид маълумотларини ўз ичига олади. Тадқиқотда асосий мустақил ўзгарувчи сифатида этник фракцияланиш индексидан (YEF) фойдаланилди. Этник хилма-хиллик индекси 0 дан 1 гача ўзгариб туради. Бу ерда 0 хилма-хиллик йўқлигини ва 1 ҳар бир киши бошқа этник гуруҳга тегишли эканлигини англатади.
Натижалар. Регрессия таҳлили натижалари этник хилма-хиллик индекси даромад синфига қараб турли мамлакатлар учун турлича таъсир қилишини кўрсатди. Юқори даромадли мамлакатлар учун этник хилма-хиллик индекси ўсишининг таъсири ижобий, бошқача айтганда, этник хилма-хиллик индексининг 1% га ўсиши бошқа ўзгарувчиларни ўзгармас ҳолда сақлаганда, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг ўртача 1,17% га ўсишига олиб келади. Бундан келиб чиқадики, этник хилма-хиллик ва бағрикенглик иқтисодий фаровонликни мустаҳкамлайди.
Амалиётда қўллаш учун:
Барча шароитларда: Эътиқоди, маданияти ва келиб чиқишидан қатъи назар барчага ҳурмат билан муносабатда бўлинг. Камситувчи ҳазил ёки гап-сўзлардан сақланинг. Бирор қарорга келишдан олдин унинг моҳиятига етинг.
Ишда/университетда/мактабда: Хилма-хилликка ҳурмат билан ёндашинг ва инклюзивлик, яъни ташқи кўриниши, келиб чиқиши, жинси ва саломатлигидан қатъи назар барчага жамият ҳаётининг турли жабҳаларида иштирок этиш имкониятини берувчи қоидага амал қилинг. Камситувчи хатти-ҳаракатларга қарши бўлинг ва ҳамма учун тенг имкониятларни ҳимоя қилинг.