Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Технологиялар 25/09/2016 Ахборот хавфсизлиги соҳасидаги янги йўналишлар муҳокама этилди
Ахборот хавфсизлиги соҳасидаги янги йўналишлар муҳокама этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Пойтахтимизда ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилган конференцияда ахборот хавфсизлиги соҳасидаги янги йўналишлар муҳокама этилди. Унда вирусга қарши дастурий таъминот тизимларини ишлаб чиқувчи мутахассислар, олимлар, вазирлик ва идоралар, саноат корхоналари ходимлари иштирок этди.

Ахборот-коммуникация технологияларининг кенг татбиқ этилаётгани самарасида ҳаётимизда сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда. Юқори технологияларнинг жадал ривожланиши ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва улардан фойдаланувчиларни мавжуд кибер таҳдидлардан ҳимоя қиладиган тизимлар яратиш билан бевосита боғлиқдир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2005 йил 5 сентябрдаги “Миллий ахборот-коммуникация тизимларининг компьютер хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича самарали тизим яратилди, барча давлат органларининг кибер таҳдидларга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари мувофиқлаштирилмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилар қаторида ахборот ва коммуникация технологиялари хавфсизлиги халқаро тизимига қўшилди, деб хабар беради ЎзА.

Анжуманда ахборот хавфсизлиги аудити, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни бошқариш, ахборот тизимлари, ресурслар ва шахсий маълумотлар муҳофазасини таъминлаш, электрон тизимларнинг заиф жойларини аниқлаш ва назорат қилиш, ахборот хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Тадбирда жаҳонга машҳур Eset ва LG компаниялари, Халқаро электр алоқа уюшмаси ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ўз ишланмаларини тақдим этди. Иштирокчилар кибер жиноятга қарши курашиш, кибер ҳужумларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича илғор тажриба ва усуллар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази мутахассислари ахборот маконидаги таҳдидларга ишлов бериш жараёни ҳақида сўзлаб берди ва интернет тармоғининг миллий сегменти хавфсизлигини таҳлил қилди. Бугунги кунда мамлакатимизда ахборот хавфсизлиги соҳасида махсус хизматлар ва комплекс техник ечимларни тақдим этадиган 4 компания фаолият юритаётгани таъкидланди.

– Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари “Dori-darmon” акциядорлик компанияси фаолиятининг барча соҳаларига муваффақиятли жорий қилинмоқда, – дейди компаниянинг ахборот-коммуникацияларни ривожлантириш маркази раҳбари А.Аҳмедов. – Биз ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича энг янги технологиялардан фойдаланаяпмиз, компьютер билан боғлиқ турли хавфларнинг олдини олиш чоралари ишлаб чиқилган. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кибер таҳдидларга қарши ҳимоя тизимини мунтазам такомиллаштириб, ахборот технологиялари мутахассислари малакасини оширмоқдамиз. Бундай учрашувлар ахборот хавфсизлиги борасидаги сўнгги янгилик ва йўналишлардан хабардор бўлиш имконини бермоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг