Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сир эмас, ҳар йили куз-қиш мавсумида автомобиль ҳайдовчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ азият чекишади. Уларнинг асосий муаммоси куннинг совуқ пайтларида қаерда ёқилғи қуйиш ёки автомобилини сиқилган ҳамда суюлтирилган газ билан тўлдириш мумкинлигини аниқлаштиришнинг имконсизлигида эди.
Ва ниҳоят эндиликда бундай муаммоларга барҳам бериладиган бўлди.
Энергетика вазирлиги ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан ҳар бир ҳудуддаги энг яқин ёқилғи қуйиш, автомобилни сиқилган ёки суюлтирилган газ билан тўлдириш ва электромобиллар учун қувватлантириш шохобчаларини топиш, нархларни таққослаш, борар манзили ҳамда вақтини аниқ режалаштириш имконини берувчи «Avto24» мобиль иловаси тест синовида ишга туширилди.
Айни пайтда истеъмолчилар мазкур иловани Android ва iOS операцион тизими қурилмалари орқали бепул юклаб олишлари мумкин.
«Avto24» иловаси автомобиль эгаларига худудлардаги барча ёқилғи ҳамда қувватлаш шохобчаларини битта харитада тезда топиш, реал вақт режимида ҳозирги вақтда мавжуд ёқилғининг нархи, захираси ва қулайликлари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш, электромобиль эгалари учун махсус қувватлаш пунктларининг локацияларини аниқлаш сингари имкониятларни тақдим этади.
Шунингдек, истеъмолчилар илова орқали ўзларига маъқул манзилнинг рейтингини кўтариш, ёқилғи сифати ҳамда нархи ҳақида шарҳ қолдиришлари ҳам мумкин бўлади.
Мобиль илова дастури автоматлаштирилган ҳолда янгилаб борилади.